Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Балиқчилик соҳасини янада ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари турларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, мавжуд ҳавзалар имкониятларидан самарали фойдаланиш, интенсив технологиялар асосида балиқ етиштириш ҳажмларини кўпайтириш ҳамда балиқчилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманида ташкил этилган балиқчилик кластерининг аҳоли хонадонлари билан кооперация асосида ишлаш тажрибасини (кейинги ўринларда – кооперация) ҳар бир вилоятда жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Бунда кооперация асосида хонадонларда балиқ етиштириш қуйидаги тартибда амалга оширилиши белгилансин:

балиқчилик хўжаликлари хонадон эгаларини балиқ етиштириш бўйича ўқитишни ташкил этади, уларга балиқ етиштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, балиқ чавоқлари, омухта ем, минерал ўғитларни етказиб беради ҳамда улар томонидан етиштирилган балиқни келишилган нархларда сотиб олади;

хонадон эгалари ўз хонадонларида балиқчилик хўжаликлари томонидан етказиб берилган маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда интенсив усулда етиштирилган балиқларни келишилган нархларда уларга сотади.

2. Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокимларининг ёрдамчилари хонадон эгалари билан ҳамкорликда кооперация асосида хонадонларда балиқ етиштириш бўйича ташаббускор балиқчилик хўжаликларининг рўйхатини шакллантирсин ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда лойиҳаларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатиб борсин.

3. Белгилансинки:

2022 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилади;

2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар (аэратор, бассейн, автокормушка, УЗВ) ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади;

балиқ етиштирувчи хонадон эгаларига ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида белгиланади.

4. Қуйидагилар:

2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда балиқ етиштириш прогноз параметрлари 1-иловага мувофиқ;

2022 йилда сунъий (экстенсив) сув ҳавзаларини интенсивлаштириш ва балиқ овлаш ҳажмлари бўйича прогноз параметрлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Молия вазирлиги ва тижорат банкларининг Франция тараққиёт агентлигининг “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси доирасида жалб қилинаётган кредит линияси ҳисобидан 20 миллион евро миқдоридаги маблағларни интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

6. “Ўзбекчорванасл” агентлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва Марказий банкнинг 2022 йил 15 январдан бошлаб “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида тижорат банклари томонидан аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш учун ажратиладиган кредитни базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Марказий банк тижорат банклари орқали интенсив усулда аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш лойиҳаларини молиялаштириш учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида 2022 йилда 200 миллиард сўм маблағ ажратилишини таъминласин.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаридан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади;

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо корхоналар томонидан хорижий мамлакатлардан балиқчилик соҳаси эксперт ва мутахассисларини жалб қилиш харажатлари ҳамда уларнинг бир йиллик иш ҳақи миқдорининг 50 фоизигача, бироқ ойига 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади. Бунда мазкур харажатлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард сўм йўналтирилади.

8. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича балиқчилик хўжаликларининг масъул ходимлари иштирокида “Ишга марҳамат” мономарказларида ўқув курсларини ташкил этсин.

9. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг тоғолди ҳудудидан Ўрмон хўжалиги қўмитаси балансида бўлган 5 гектар ер майдонида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан совуқ сув балиқларини етиштириш тармоғини ривожлантиришга қаратилган илмий-амалий тажриба станцияси лойиҳаси амалга оширилиши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда ушбу лойиҳани “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширишга рухсат берилсин.

10. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда балиқ маҳсулотларини етиштириш, табиий сув ҳавза ресурсларини аниқлаш ва мониторингини юритиш бўйича мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга танловлар асосида маблағлар ажратилишини таъминласин.

11. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхатига “балиқчилик” ихтисослигини киритишни таъминласин.

12. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб балиқчилик соҳаси учун юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш ва тармоқ институтлари илмий салоҳиятини ошириш учун Тошкент давлат аграр университети ва Балиқчилик илмий-тадқиқот институти докторантура босқичларига “Балиқчилик” ихтисослиги бўйича ҳар йили 2 тадан ўрин ажратсин.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари икки ой муддатда хизмат кўрсатувчи банклар билан келишган ҳолда балиқчилик лойиҳаларининг манзилли рўйхатини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин ҳамда манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари билан биргаликда тасдиқланган манзилли рўйхат параметрларининг сўзсиз бажарилишини таъминласин.

14. Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш бўйича бир марталик субсидия ажратиш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Вазирлар Маҳкамаси:

а) бир ой муддатда 2025 йил 1 январга қадар кооперация асосида балиқ етиштиришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 90 фоизидан ортиқ қисми балиқ етиштириш ҳисобидан шаклланадиган хўжаликларни солиқларнинг барча турларидан (бундан қўшилган қиймат солиғи ва ижтимоий солиқ мустасно) озод этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин;

б) бир ой муддатда “Айдар-Арнасой” кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқсин:

“Айдар-Арнасой” кўллар тизимининг Арнасой сув омбори ҳудудида балиқ овлашга бир йил муддатга мораторий эълон қилиш;

хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, “Айдар-Арнасой” кўллар тизимида шўр сувда балиқ захираларини кўпайтириш бўйича лаборатория марказини ташкил этиш;

“Айдар-Арнасой” кўллар тизими дирекцияси” ДУКни қайта ташкил этган ҳолда унинг устав капиталидаги давлат улушини, камида 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, 1 000 та иш ўрнини яратиш ва 2025 йилга бориб йилига 20 минг тонна балиқ овлаш учун балиқ захираларини яратиш шарти билан ишончли бошқарувга бериш.

17. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Норқобилов, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О.Мусаев – балиқ ҳосилдорлигини ошириш ва аҳоли хонадонларида балиқ етиштиришни кенгайтириш бўйича ишларни “корхонабай” ва “хонадонбай” ташкил этиб, 2022 йилда:

республикада балиқ етиштириш ҳажмини 700 минг тоннага етказиш;

қўшимча камида 10 мингта аҳоли хонадонида интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш ҳамда янги 15 та балиқчилик кластерини ташкил этиш;

ҳосилдорлиги 25 центнердан паст бўлган 31 минг гектар сунъий сув ҳавзаларида 78 мингта аэратор мосламасини ўрнатиш;

мазкур қарор билан тасдиқланган прогноз параметрларининг ўз муддатида бажарилишига шахсан масъул ҳисобланади.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 13 январь

2015-2024 © Government of Kattakhurgan district. Maked by: SAKTRM