КАТТАҚЎРҒОНДА БАЛИҚ ЕТИШТИРИШ ҲАЖМИ ОРТМОҚДА

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори Республикада интенсив усулда балиқ етиштиришни босқичма-босқич йўлга қўйиш ва рағбатлантириш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага инновацион ғоялар, илмий ишланмалар, замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини кенг кўламда жорий қилиш, балиқчилик тармоғини янада қўллаб-қувватлаш каби мақсадларда қабул қилинди. Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра Ўзбекистон учун балиқни истеъмол қилишнинг минимал меъёр миқдори бир йилда бир киши учун 12 килограммни, дунё бўйлаб эса бу кўрсаткич бир киши учун 16,6 килограммни ташкил этар экан.

  Балиқчилик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистонда балиқчиликни саноат асосида ривожлантириш 1937 йилдан бошланган ва 1960 йилларгача балиқ маҳсулоти асосан Орол денгизи, денгиз яқинидаги кўллар,  Сирдарё ҳамда Амударёдан олинган. Йилига ўртача 25-28 минг тонна балиқ овланган. Республикада фақатгина карп балиғи етиштирилиб, ҳовузлардан олинадиган ҳосил 15-18 центнердан ошмаган. 1980 йилларда эса Ўзбекистоннинг барча сув ҳавзаларидан ҳар йили 300-350 минг тонна балиқ  овланган. Орол денгизининг қуриши натижасида балиқ етиштириш кескин камайиб кетди. Бу эса Республикада интенсив усулда балиқ етиштиришни босқичма-босқич йўлга қўйишни тақазо этди. Шу боис ҳам Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан балиқчилик тармоғини ривожлантириш иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

 Каттақўрғон туманида ҳам  интенсив усулда балиқ етиштириш босқичма-босқич йўлга қўйилиб, балиқчиларимиз яхши натижаларга эришмоқда ва балиқчилик туманда сердаромад соҳага айланмоқда. Масалан, 2009 йилда ташкил этилган Кўкча қишлоғидаги "Каттақўрғон жайхуни" фермер хўжалиги балиқчилари 40 гектар майдондаги сунъий ҳавзада ва 1300 гектар майдондаги табиий сув ҳавзасида балиқ етиштирмоқда. Бу фермер хўжалигида асосан, сазан, оқ амур, оқ ва қора дўнгпешона, карас ҳамда усач каби балиқлар етиштирилади.

  Бугунги кунда  Каттақўрғон туманида 95 та ана шундай балиқчилик фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларга жами 457,1 гектар майдон ажратилган. Шундан 387,1 гектар майдонда сунъий ҳавзалар қилинган. Туманда жорий йилда балиқ етиштириш ҳажмини 11130 тоннага етказиш ва 22 та янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

   Бугунги кунда дунё бозорида 1 килограм қора икра 5 минг долларга баҳоланмоқда экан. Ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам юртимиз шароитида балиқдан қора икра олишга эришибдилар. Каттақўрғонлик балиқчилар ҳам икра олишга киришсалар кони фойда бўларди.

  Нега юртимизда балиқчилик тармоғини ривожлантириш иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда?-деган савол туҳилиши мумкин. Чунки, балиқчилик – етти хазинанинг бири ҳисобланиб, бу луқмаи ҳалолнинг инсон саломатлиги учун фойдаси бениҳоя катта. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, мол ёки қўй гўштини ҳазм          қилиш  учун 4 соат вақт керак бўса, балиқ гўшти эса бир соатда ҳазм бўлар эеан. Шунингдек, балиқ гўшти мол гўштидан анча арзон. Лекин, балиқ гўшти таркибида жуда кўп витамин ва микроэлементлар сақланиши туфайли биологик қиймати ҳам мол ва қўй гўштидан юқори туради. Балиқ гўштининг 100 граммида инсон саломатлиги учун керак бўладиган бир кунлик - 0,2 миллиграмм йод сақланади. Ўзида оқсил, витамин, минераллар, айниқса, темир, йод, магний, фосфор, руҳни сақлаган балиқ  гўштини кўп истемол қилинг.Чунки, балиқ гўштини қанча истемол қилсангиз ҳам одамни семиртирмай, организмга керакли қувватни бера олар экан. Шунингдек, балиқни истеъмол қилиш бир қанча касалликларга даво экан. Жумладан, юрак касалликлари хавфини камайтиради, кўриш қобилиятини ва уйқуни яхшилайди, ревмотоид артритни енгиллаштиради, холестерин даражасини камайтиради, модда алмашинувини тезлаштиради, қон босимини пасайтиради, неврологик касалликларда, эркакларда жинсий қувватни оширади,  жигар учун фойдали ҳисобланади.Балиқнинг гўштидан ташқари унинг мойи ҳам организм учун кони фойда экан.

  Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда балиқ етиштиришнинг устуворлиги озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаган ҳолда аҳолини балиқ таркибидаги юқори сифатли оқсиллар билан таъминлаш имконини беради. Шу боис ҳам балиқчиликни ривожлантиришдан мақсад: ҳам саломатлик, ҳам соҳа ривожи, ҳам иш билан таъминотдир.

2015-2024 © Kattaqo'rg'on tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM