ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ САМАРАДОРЛИГИНИ ЯХШИЛАШ ЙЎЛИДА

Замонавий шароитларда давлат бошқаруви самарадорлиги ҳар қандай давлатнинг барқарор ва жадал ривожланишига боғлиқдир. Аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг соддалаштирилиши, маъмурий тартиб-таомилларнинг шаффофлиги коррупциявий омилларнинг камайишига, шунингдек давлат ҳокимиятининг ички ва халқаро миқёсдаги нуфузининг ошишига хизмат қилади.

Ана шу мақсадда юртимизда 2018 йил 8 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги қонун имзоланган эди. 
Ҳозирда қонуний кучга кирган ушбу қонунда маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари, маъмурий иш юритиш, маъмурий ҳужжатни қабул қилиш ва уни ижро этиш тартиби, шунингдек мазкур ҳужжатлар устидан шикоят қилиш таомиллари акс эттирилган. 
«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги қонун маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган.
Ушбу қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилди.
Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари қонунийлик, мутаносиблик, ишончлилик, тингланиш имкониятининг мавжудлиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги, манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги, бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги, мазмунан қамраб олиш, маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши, тенг ҳуқуқлилик, ишончнинг ҳимоя қилиниши, маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги ва текшириш кабилардан иборат.
Қонунга кўра, эндиликда манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланади.
Қонунда махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги кераклиги белгиланган.
Қонунга мувофиқ, эндиликда маъмурий органлар маъмурий иш юритишни қонун ҳужжатларида ўз ваколатига киритилган масалалар юзасидан амалга оширади.
  Бир сўз билан айтганда, ушбу қонуннинг ҳаётга тадбиқ этилиши бу барча поғонадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак” принципини амалда ижро этилишига кўмаклашади.
 

К.Аҳмедов, 
Каттақўрғон туман ҳокимлиги бош юрист консульти.

2015-2020 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM