КАТТАҚЎРҒОН ТУМАН КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАГИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Бугун, 2022 йил 20 январ куни Каттақўрғон туман ҳокимлиги мажлислар залида Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Каттақўрғон тумани Кенгашининг қирқ тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишига туман ҳокими Жамшид Насриддинов раислик қилди.

Сессияда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, таклиф қилинган ташкилот вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессия ишида биринчи бўлиб Халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги муассислигидаги “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси номини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Депутатлар томонидан мазкур газетанинг даврийлиги, шиддат билан ривожланиб бораётган замон билан ҳамнафаслигини таъминлаш, ҳозиржавоблик ва янгича ғоялар билан чамбарчас боғлиқлигига эришиш мақсадида шу вақтга қадар Халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг нашри ҳисобланган “Каттақўрғон ҳақиқати” газетасининг номи  “Каттақўрғон: кеча ва бугун” деб ўзгартириш таклифи атрофлича ўрганиб чиқилиб, маъқулланди.

Сессия ишида:

  • Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларни ихтисослаштириш, бўш турган, заҳирадаги ва келгусида заҳирага олинадиган ер майдонларини қишлоқ хўжалиги корхонаси ёки деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун очиқ электрон танловга чиқариш бўйича лойиҳаларни тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги;
  • Туман Мактабгача таълим бўлими мудири М.Иззатиллаевнинг “Тумандаги мактабгача таълим ташкилотларининг 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлиги тўғрисида”ги;
  • Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори С.Рустамовнинг “Ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тумандаги  маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш масканлари учун маблағлар ажратиш тўғрисида”ги;
  • Туман Молия бўлими мудири в.в.б. М.Оббозовнинг “2021 йил маҳаллий бюджет ижроси тўғрисида”ги ҳисоботлари тингланди.

Шунингдек, сессия давомида 2022 йил 1 январь ҳолатига Каттақўрғон тумани маҳаллий бюджети эркин қолдиқ  маблағларининг  ишлатилиши тўғрисидаги ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар таклифига кўра, туман Мактабгача таълим бўлими мудири М.Иззатиллаевнинг “Тумандаги мактабгача таълим ташкилотларининг 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлиги тўғрисида”ги ҳисоботи қайта атрофлича ўрганиб чиқилиб, 1 ойдан сўнг навбатдаги сессия ишида кўриб чиқиладиган бўлди.

Сессияда кўрилган шу ва бошқа масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Каттақўрғон туман ҳокимлиги АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM