ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗЛАРИГА ЯНГИ ФУНКЦИЯ ҚЎШИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги «Йўқолган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 28-сон қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидаги тартибларни белгилайдиган Низом тасдиқланди:

  • жисмоний ва юридик шахсларга тегишли йуқолган ва топиб олинган ашёларни топшириш;
  • уларни сақлаш ва эгаларига қайтариш;
  • уларни тегишли давлат ташкилотларига топшириш;
  • топилмалар ва йўқолган ашёларнинг электрон реестрини давлат хизматлари маркази (ДХМ) томонидан юритиш.

Низом қоидалари жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида йўқолган ашёларга нисбатан татбиқ этилмайди.

ДХМ томонидан қуйидаги ашёлар қабул қилинмайди:

  • хусусияти бузиладиган, биологик таркибга эга бўлган, тури, шакли, миқдори ўзгарадиган ашёлар;
  • истеъмол қилинадиган маҳсулотлар;
  • автомототранспорт воситалари;
  • дори воситалари;
  • қаттиқ таъсир қилувчи заҳарли моддалар;
  • психотроп ва гиёҳвандлик воситалари, уларнинг прекурсорлари,
  • портловчи ва пиротехник моддалар,
  • қуроллар ва уларнинг ўқ-дорилари,
  • ҳайвонлар.

Бинолар ва уларнинг ҳудудларида, жамоат транспортида топиб олинган топилмалар уларни топиб олган шахслар томонидан ушбу бинолар ёки жамоат транспорти мулкдорлари бўлган юридик ёки жисмоний шахсларга топширилади ҳамда, қоида тариқасида, ушбу шахслар томонидан ДХМга топширилади.

Ўзининг ёки яқин қариндошларининг (эри ёки хотини, фарзандлари, неваралари, ака-ука ва опа-сингиллари) йўқолган ашёларини топиш бўйича жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг вакиллари ДХМга шахсан келиб ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.

Топиб олинган ашёлар Марказда олти ой давомида сақланади. Агар топилма Марказга қабул қилинган пайтдан эътиборан олти ой мобайнида уни олишга ҳақли бўлган шахс аниқланмаса, ФКнинг 193-моддасига мувофиқ:

  • Марказ томонидан ашёни топиб олган шахсга унинг ашёга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келганлиги тўғрисида хабар берилади;
  • ашёни топиб олган шахс уни қабул қилиб олишни рад этган тақдирда, ашё давлат мулкига ўтади.

Қарор билан айрим қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.01.2022 йилдан кучга кирди.

Саодат Усманова.

Подробнее: https://www.norma.uz/qonunchilikda_yangi/davlat_hizmatlari_markazlariga_yangi_funkciya_qushildi

2015-2022 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM