ОРЗУЛАРИ БИР ОЛАМ

Бу йилги ўқув йили ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳ билан якунланмоқда. Яна бир ҳафтадан сўнг мактабларда сўнгги қўнғироқ чалиниб, битирувчи синф ўқувчилари катта ҳаёт томон қадам қўядилар. Бунда шубҳасиз таълимни олий даргоҳларда давом эттириш истагида бўлган ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Президентимиз томонидан ёшларимиз олий таълим олиш даражасини янада юксалтириш борасида олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли жойларда олий таълим соҳаси вакилларининг мактаб битирувчилари билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири тумандаги 30-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Тадбирда мактабнинг юқори синф ўқувчилари, уларнинг ота-оналари қатнашишди. Бу галги меҳмонлар эса Самарқанд давлат Университети Каттақўрғон филиали проректорлари Сирожиддин Элмонов ва Муҳаммади Тўраевлар бўлишди.
   2021 йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур ўқув даргоҳида бугунги кунда 52 нафар профессор-ўқитувчилар 716 нафар талабаларга билим бериб келишмоқда. Учрашувда сўзга чиққан олий таълим муассасаси проректорлари аввало битирувчи ёшларга СамДУ Каттақўрғон филиали тўғрисида атрофлича маълумот бериб ўтишди. Шунингдек, ушбу ўқув масканини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар билан йиғилганларни таништиришди. Ўзаро очиқ суҳбат шаклида ташкил этилган учрашув давомида олийгоҳ проректорлари томонидан 2022-2023 ўқув йили учун қабул шартлари ва қоидалари ҳамда унда абутурентлар учун яратиладиган имкониятлар тўғрисида батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, олийгоҳ вакилларининг таклиф ва тавсиясига кўра мактабда абутурентлар хоналари ташкил этилиб, битирувчи ёшларга қабул имтиҳонларига пухта тайёргарлик кўриш бўйича қўшимча имкониятлар яратиладиган бўлди.
Учрашув сўнггида С.Элмонов ва М.Тўраевлар битирувчи ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларига жавоблар беришди.
Бундай учрашувлар орзулари бир олам битирувчи ёшларда олий таълим муассасаси талабаси бўлиш бахтига эришиш йўлида бир пиллапоя бўлиб хизмат қилса неажаб.

Ғафур ҚАРШИЕВ,
                                     30-умумтаълим мактаби ИММБ тарғиботчиси.

2015-2022 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM