Велосипедда маҳалла кезадиган ҳоким ёрдамчиси

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

 

 

Каттақўрғон тумани Мундиён маҳалласида фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Олимжон Давронов ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

У шу туманнинг Ёви маҳалласидан. Олий ўқув юртини тугатиб, 20 йилга яқин вақт давомида тижорат банкларининг шаҳар ва туман филиалларида раҳбарлик қилган.

Олимжон шу йил январь ойида маҳаллада ҳоким ёрдамчиси вазифасида фаолият бошлади. Маҳалла раиси Мухтор Тоҳиров Олимжондек тажрибали иқтисодчи билан бирга ишлаш, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришда, ишсизларнинг бандлигини таъминлашда муаммо бўлмаслигини айтди.

- 30 йилдирки, шу тизимда ишлайман, - дейди Мухтор ака. - Олимжон билан шу йил февраль ойида танишганман. Кўринишидан оддий йигит, аммо жуда фаол, ҳаракатчан. Қисқа вақт ичида маҳалламизни пиёда кезиб, 1472 хонадон билан яқиндан танишиб чиққан. Яқинда мурожаат бўлган хонадонга тезроқ бориб, муаммоларни ўрганиш учун велосипед сотиб олди. Кам таъминланган, ижтимоий "дафтар"ларга киритилган оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш чораларини кўряпти. Жумладан, унинг кўмагида “Аёллар дафтари”га киритилган 45 нафар хотин-қизга тикув машинаси, 7 та кам таъминланган оилага 10 бош қўй, 4 та хонадонга 4 қутидан асалари, 4 нафар фуқарога эса субсидия асосида мотокультиватор олиб берилди.

Биз ҳоким ёрдамчиси билан аввалига пиёда юриб, маҳалладаги ўзгаришлар билан яқиндан танишдик.

- Ҳудудимизда ободонлаштириш ишлари ҳам яхши йўлга қўйилган, - дейди Олимжон. – Пиёдалар ва велосипед йўлаклари ётқизиляпти. Йўл четларига ёритиш чироқлари ўрнатилган. Маҳалламиз туман марказига яқин жойлашган. Бир қарич бўш ерни топиш қийин. Бир куни туман марказидан маҳалламизга пиёда келаётганимда катта йўл ва анҳор ўртасидаги бўш жойга кўзим тушди. Шу пайтда анчадан бери тадбиркорлик билан шуғулланиш учун жой керак, деб мурожаат қилиб келаётган фуқароларнинг муаммосига ечим топгандай бўлдим. Сабаби, бу ерда енгил конструкцияли бинолар қуриб, фойдаланиши мумкинлигини билардим. Фаоллар билан келишиб, қурилиш ишларига киришилди. Ҳозирда бу ҳудудда 30 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси бунёд этиляпти. Натижада 56 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланади. 

Айтиш жоизки, маҳалланинг ўсиш нуқтаси узумчилик ҳисобланади. ундаги қайси хонадонга кирманг, аҳоли войиш усулида узум етиштираётганига гувоҳ бўласиз.

72 ёшли Насриддин Убайдуллаев узумчиликнинг сир-асрорларини чуқур эгаллаган бободеҳқонлардан. У 20 сотих томорқасида 100 туп ток парвариш қиляпти.

- Томорқамда узумнинг ўндан зиёд навини парваришлаяпман, - дейди отахон. - Кенжа фарзандим билан бирга яшаймиз. Шу томорқадан келадиган даромад ортидан тўйлар қилдик, машина олдик. Ўтган йили 80 миллион сўм даромад қилдик. Бу йил ҳосил яхши, 100 миллион сўм фойда олишни мўлжаллаб турибмиз. Кўчатчиликка ҳам қўл урдим. Токлар орасида ниҳоллар етиштиряпмиз. Маҳалланинг ишсиз ёшларига узумчилик сирларини ўргатяпман.

Маҳалла ҳудуди катта, қисқа фурсатда бажарилган ишлар кўп экан. Бир кун давомида, тағин пиёда юриб танишиб чиқиш қийин экан. Шунинг учун велосипедда ҳам ҳаракатландик. 

Маҳалла фуқаролар раиси таъкидлаганидек, ҳақиқатан ҳам ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан бажарилаётган ишлар эътиборга молик экан.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM