Келишув битими суд томонидан қўлланиши тартиб-таомилларининг мазмун-мохияти

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

-  Ўзаро келишишга асосланган ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг ёзма келишуви ҳисобланади.

Келишув битими даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Келишув битими фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тарафлар томонидан тузилиши мумкин.

Келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади.

- Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.

Келишув битимида мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари кўрсатилиши керак.

Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.

Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, умумий тартибда ҳал этади.

- Тарафлар суд муҳокамаси давомида келишув битими тузиш истагини билдирган ҳолда, суд тарафларга ушбу суд мажлисида келишув битими тузишни таклиф этишиёки тарафлар келишув битими шартларини ишлаб чиқишлари учун уларга имконият берган ҳолда, ишни кўришни бошқа муддатга қолдиришга ҳақлидир.

          -Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала суд мажлисида кўриб чиқилади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида қонунга мувофиқ хабардор қилинади.

Келишув битимини тузиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш, уни тузиш тартиби, шакли ва мазмуни, ўзига хос хусусиятлари, ҳақиқий эмаслиги ва оқибатлари қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
         Келишув битими Иқтисод судлари томонидан тасдиқланиши керак, бу ҳақда банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримда кўрсатиб ўтилади. Агар келишув битими тугатишга доир иш юритиш жараёнида тузилган бўлса, Иқтисод судлари келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарор ижро этилмаслиги кўрсатилади. 
          Келишув битими қарздор, кредиторлар, шунингдек келишув битимида иштирок этаётган учинчи шахслар учун Иқтисод судлари томонидан тасдиқланган кундан эътиборан кучга киради ва улар учун мажбурий ҳисобланади. Кучга кирган келишув битимини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди.

Кузатув ва суд санацияси чоғида қарздорнинг келишув битимини тузиши тўғрисидаги қарорни унинг раҳбари, мазкур раҳбар вазифасини бажаришдан четлаштирилган тақдирда эса суд бошқарувчиси қабул қилади. 
          Агар келишув битими қарздор учун қонун ҳужжатларига ёки таъсис ҳужжатларига мувофиқ қарздорнинг бошқарув органлари қарори (маъқуллаши) асосида тузиладиган битим ҳисобланса, қарздор номидан келишув битимини тузиш тўғрисидаги қарор тегишли қарордан (маъқуллашдан) кейин қабул қилиниши мумкин. Ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш таомилларида келишув битимини тузишда бундай қарор (маъқуллаш) талаб қилинмайди.

Ташқи бошқарув жараёнида Иқтисод судлари томонидан келишув битимининг тасдиқланиши кредиторлар талабларининг қондирили-шига жорий этилган мораторий ҳамда банкротлик тўғрисида иш юритишнинг тугатилиши учун асос бўлади. Агар келишув битими Иқтисодсудлари томонидан тугатишга доир иш юритиш даврида тасдиқланган бўлса, Иқтисодсудларининг қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори ижро этилмаслиги керак.
           Келишув битими ёзма шаклда тузилади. 
           Қарздор номидан келишув битимини тегишинча қарздор якка тартибдаги тадбиркор, қарздорнинг раҳбари ёки суд бошқарувчиси имзолайди. Кредиторлар номидан келишув битимини кредиторлар йиғилиши томонидан ваколат берилган шахснинг ўзи имзолайди. 

           Келишув битимида қуйидаги шартлар кўрсатилиши мумкин: 
пул мажбуриятларининг тўлови кечиктирилганлиги ёки бўлиб-бўлиб тўланиши тўғрисидаги шартлар; қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларидан ўзганинг фойдасига воз кечиш тўғрисидаги шартлар; қарздорнинг пул мажбуриятларини учинчи шахслар томонидан бажариш тўғрисидаги шартлар; қарзлардан сийлов бериш тўғрисидаги шартлар; қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий тўловларни тўлаш муддатлари ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги шартлар; кредиторларнинг талабларини қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усуллар билан қондириш тўғрисидаги шартлар.

Келишув битими фақат харажатлар қопланганидан ва иш ҳақини тўлаш учун пул маблағлари берилишини назарда тутувчи тўлов ҳужжатлари бўйича талаблар қондирилганидан кейин Иқтисод судлари томонидан тасдиқланиши мумкин. 
          Қарздор, ташқи бошқарувчи ёки тугатиш бошқарувчиси келишув битими имзоланган пайтдан эътиборан беш кун ичида Иқтисод судларига келишув битими тузилганлигини тасдиқловчи ариза тақдим этиши керак. 
           Кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш жараёнида Иқтисод судлари томонидан келишув битимининг тасдиқланиши банкротлик тўғрисидаги иш юритишнинг тугатилишига асос бўлади. 
          Иқтисодсудлари қуйидаги ҳолларда келишув битимини тасдиқлашни рад этади:

-харажатларни қоплаш ва талабларни қондиришга доир мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда;

-келишув битимини тузишнинг қонунда белгиланган тартиби бузилганда; 
           -келишув битимининг шаклига риоя этилмаганда; 

-учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бузилганда; 
           -келишув битимининг шартлари қонун ҳужжатларига зид бўлганда. 

          Иқтисодсудлари келишув битимини тасдиқлаш рад этилганлиги тўғрисида ажрим чиқаради, ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин. 

Иқтисодсудлари томонидан келишув битимини тасдиқлашнинг рад этилиши тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда битим тузилмаган деб ҳисобланади. 
           Келишув битими айрим кредиторлар учун афзаллик берилишини ёки айрим кредиторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишини назарда тутувчи шартларга эга бўлса ҳамда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўлса қарздор, кредитор, прокурор, шунингдек ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган шахсларнинг аризасига биноан Иқтисодсудлари томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. 

Битимларни ҳақиқий эмас деб топиш Фуқаролик қонун ҳужжат-ларида назарда тутилган оқибатларини келтириб чиқаради.

Ифтихор Улжаев, Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг,

Судя ёрдамчиси.                                                                              

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM