Фидоий зироатчиларга таъзим

Image_tadbir: 

Туманнинг асосий майдонлари Оқдарё ва Қорадарё оралиғидаги қадимий Миёнқол тексликларида жойлашган. Қулай иқлим шароити, унумдор замини зироатчилик учун имконият манбаи. Аграр соҳада мамлакатимиздаги етакчи туманлар сирасига кирувчи туманимизда кейинги бир йил ичида кўплаб натижаларга эришилди.

Соҳа ходимларининг касб байрами - Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни туманда зўр иштиёқ ва катта тантана билан нишонланди.

Туманимиз иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги етакчи ўриннни эгаллайди. Қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда фойдаланиладиган 25 448 гектар ер майдонининг асосий қисми текисликлардан ва сув билан таъминланган майдонлардан иборат бўлганлиги боис, туманимизда пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, сабзавот ва полиз экинлари етиштириш, чорвачилик каби қатор ишлаб чиқариш йўналишлари яхши ривожланган.

Айни пайтда туманимизда турли йўналишларда икки мингдан зиёд фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда. Шундан 400 дан ортиқ фермер хўжаликлари бевосита пахта ва ғалла етиштириш билан шуғулланади. Жорий йилда ҳам туманимиз деҳқонлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил олиш, элимиз дастурхонини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш борасида самарали меҳнат қилинмоқда. Жумладан, туманимиз фермер хўжаликлари томонидан бу йил давлат хирмонига 27 379 тонна ғалла, 20 963 тонна сифатли пахта толаси етиштириб берилди.   

Деҳқончилик билан шуғулланиш учун табиат инжиқликлари сабаб ўта оғир келган жорий йилда ҳам деҳқонларимизнинг ҳар йилдагидан кўра кўпроқ меҳнат қилиб, ўз ишларига масъулият билан ёндашганлари, шижоатини бир дақиқа ҳам сўндирмаганликлари яхши натижаларни қўлга киритишга олиб чиқди. Сув танқислиги, об-ҳавонинг ҳар йилдагидан ҳам иссиқ келиши каби табиат синовларини мардоновор енгиб ўтган "Рустам Носиров", "Петролагробизнес", "Жума Ҳайитов", "Хумо-Р" каби фермер хўжаликларида жорий йилда ҳам 30-35 центнер пахта ҳосили етиштиришга эришди. 

Жорий йилда 8 млн.628 минг АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари четга экспорт қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан анча юқоридир. Пиллачилик, боғдорчилик, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик соҳалари ҳам жадал ривожланиш йўлига кирмоқда. Туманда иссиқхоналар ташкил этиш ва ундан сифатли маҳсулотлар етиштириш борасида катта натижаларга эришилмоқда. Ҳозирда 7,6 гектар майдонда иссиқхоналар фаолияти йўлга қўйилиб, помидор, бодринг, қалампир каби аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган маҳсулотлар етиштирилмоқда. Келгуси йилда бу каби иссиқхоналар сонини янада ошириш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари шу кунга қадар 680 та аҳоли хонадонларида 1-1,5 сотих майдонда ихчам конструкцияли иссиқхоналар ташкил этилди.

  

Сана муносабати билан "Наврўз" маросимлар масканида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда дастлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмага деҳқону фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотлари билан иштирок этишди.  

 

  Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов тадбир иштирокчиларини қизғин қутлаб, эришилган муваффақиятлар ва натижалар ҳақида гапирди. Соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаоллар ва илғорлар туман ҳокимлиги ва бошқа ҳомийлар ташкилотлар томонидан муносиб рағбатлантирилди. Шундан сўнг мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳридан келган таниқли санъаткорлар иштирокида бир пиёла чой устидаги концерт дастури иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

2015-2022 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM