Тараққиётнинг илдам одимлари

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

   Жорий йилда Каттақўрғон туманида турли соҳаларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”  ҳамда “Обод қишлоқ” Давлат дастурлари доирасида туманда кейинги йилларда мисли кўрилмаган натижалар бўй кўрсатди. Шу кунларда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун уй-жойлар ва бир қатор ижтимоий соҳа обеьектларини фойдаланишга топшириш тантаналари бўлиб ўтмоқда.
   

   Бу эса туманни ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётида катта ўзгаришлар сари илдам қадам бўлмоқда, десак муболоға бўлмайди. 
    

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирлар ҳақиқий байрамона тус олди. Кўтаринки кайфият, байрамона шукуҳ дастлаб Тарнов маҳалласидаги 2-сотихли 3-хонали 20 та хонадонни ўз эгаларига топширишдан бошланди. Тадбирда иштирок этиб сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Қулматов хонадон соҳибларини янги уй-жойлар билан қизғин қутлаб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар хусусида гапирди. 
 

   Шундан сўнг Пайшанба шаҳарчасининг М.Улуғбек маҳалласидаги 1 та 16 та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар ўз эгаларига топширилди.
 

   – Бугун кўп йиллардан буён орзу қилиб келганимиз – ўз уй-жойимизга эга бўлганимдан жуда ҳам мамнунман, – дейди Мундиён маҳалласида истиқомат қилиб келган I гуруҳ ногирони Зиёдулла Мингбоев. – Турмуш ўртоғим ҳам ногиронлиги туфайли турар жой масаласида қийналиб келаётгандик. Туман ҳокимининг эътибори ва кўмаги билан 2 хонали уйли бўлдик. Бу эътибордан миннатдормиз. 
   

Шу куни Қирғиз қишлоғи ёшлари учун ўзгача қувон улашилди. Қишлоқдаги 20-умумий ўрта таълим мактабининг 120 ўринли янги ва қўшимча таъмирдан чиқарилган 360 ўринли бинолари фойдаланишга топширилиши қишлоқ ёшлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди десак, янглишмаймиз.
 

  Жорий йилда туманда  “Обод қишлоқ” дастури бўйича иккита қишлоқда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.  «Каттаминг» ва «Қоракўлча» қишлоқларида янги бинолар ва объектлар замонавий кўринишда барпо этилди. Қишлоқ фуқароларига ҳар томонлама кўмак берилди. Турли муаммолар ҳал этилди.
   

Ушбу қишлоқлардаги янги биноларнинг фойдаланишга топширилишини аҳоли катта қувонч билан кутиб олди. Шу муносабат билан қишлоқларда байрам тадбирлари ташкил этилди.
   
    Жумладан, шу куни «Каттаминг» маҳалласида 50  қишлоқ оилавий поликлиникаси, 23-умумий ўрта таълим мактаби, 4- сонли мактабгача таълиммуассасасининг мукаммал таъмирдан чиқарилган бинолари ва замонавий савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди.
 

  – Қишлоғимиз буткул замонавий қиёфа касб этди, – дейди 83 ёшли отахон Ибрагим Мингбоев. – Худди тушга ўхшайди. Аввалари шундай ўзгаришлар бўлади деса, ҳеч ким ишонмасди. Йўлларимизни айтмайсизми. Бир йилдин олдин туман марказига чиқиш лозим бўлиб қолса ўнқин-чўнқир йўллардан юришдан одамларимиз безиллаб қолган эди. Мана, ҳозир бундай ободлик, равон йўллар ҳар қандай киши қалбини яйратади. Илоҳим шундай хайирли ва савобли ишларни бошида турганларга Яратганни ўзи куч-қувват берсин. Юртимизнинг ҳар бир гўшаси шундай гўзал қиёфа касб этаверсин.
 

  Қоракўлча маҳалласида давом этган байрам тадбирлари давомида 37-умумий ўрта таълим мактаби мукаммал таъмирланган, 724 ўринга мўлжалланган 89-умумий ўрта таълим мактабининг реконструкция     қилинган ва қўшимча қурилган бинолари, янгидан бунёд этилган 100 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси, «Тез тиббий ёрдам» шохобчаси  аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади.

    Умуман олганда тумандаги олиб борилган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, ҳар томонлама ривожланиш ва ўзгаришларни кўриш мумкин. Айниқса, сўнги йилларда тумандаги мавжуд йўллар таъмирланиб, равонлашгани алоҳида эътирофга лойиқ.

    Жумладан, жорий йилда 38.8 километр узунликда асфальт ётқизиш ишлари бажарилди. 39.5 километр ички йўллар таъмирланди. Ушбу ишларни бажаришга 12.7 миллиард сўм маблағ сарфланди. Каттақўрғон туман Йўллардан фойдаланиш ДУК га йўл қурилишида фойдаланиладиган янги замонавий техникалар харид қилинди. 2 та асфальт заводи модернизация ва реконструкция қилиниб, фаолияти қайта тикланди. 

    Якунига етиб бораётган жорий йилда туманда бу каби ижобий ўзгаришларни барча соҳада кўриш мумкин. Асосийси одамларда яратувчанлик ва бунёдкорлик туйғулари ривож топаётганидан киши кўнгли ёришади.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM