ЯНГИ ЙИЛ ЯРМАРКАЛАРИ ТУМАН АҲЛИ ХИЗМАТИДА

Юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби туманимизда ҳам  Янги йил байрамини ҳар доимдагидан ўзгача тарзда кутиб олиш учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Туманнинг қай гўшасида бўлманг, безатилган арчалар, чор атрофдаги ранг баранг чироқлар беихтиёр қалбингизга илиқлик ва байрамона кайфият улашади.

Байрам шукуҳи кезиб юрган айни кунларда кўрсатилаётган хизмат сифатини янада юксалтириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини аҳолига нисбатан арзон нархларда етказиб бериш мақсадида туманимизнинг сергавжум ҳудудларида, бозорларда  анъанавий озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркалари иш бошлади.

Деҳқон бозорларида харидорларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида ярмаркалар турғун савдо расталарида ташкил этилиб, байрамона безатилди. Унда 50 турдан зиёд чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қишлоқ хўжалик ҳамда қандолатчилик маҳсулотлар бозордаги одатий нархлардан нисбатан арзон бўлиб, асосан, пластик карточкалар орқали сотилмоқда.

– Рўзғор учун зарур бўладиган маҳсулотларни Янги йил ярмаркаларидан харид қилмоқдамиз, – дейди Муҳайё Абдуллаева. – Бугун ярмаркадан гўшт, тухум, картошка ва пиёз харид қилдим. Уларнинг сифати юқори, нархи анча арзон. Ушбу ярмаркалар халқимизга деҳқон ва соҳибкорларнинг ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Янги йил байрами арафасида давлатимиз томонидан аҳолига яратилаётган бундай қулайликлардан миннатдормиз.

Ҳар бир ярмарка ҳудудига ўрнатилган, безатилган арчалар аҳоли, айниқса, болажонларнинг қувончига қувонч қўшмоқда.

Image_elon: 
2015-2019 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM