Байрам шодиёналари

Image_tadbir: 

Мамлакатимизнинг барча гўшаларида янги йил ўзгача кўтаринки кайфиятда кутиб олинмоқда. Кириб келаётган 2019 йилни ҳар қачонгидан мароқли ва жозибадор қилиб кутиб олишга алоҳида эътибор берилди. Туман марказида баландлиги 23 метрлик ранг-баранг ўйинчоқлар билан безатилган, улкан арча қад ростлади. Арча атрофида болажонларнинг ўйнаб-кулишлари ва мириқиб дам олишлари учун барча шароитлар яратилди. Рангли чироқлар ва турли саҳна безаклари билан безатилган арча атрофида ҳар куни минглаб болажонлар ота-оналари ҳамроҳлигида янги йилга пешвоз чиқмоқдалар.

Туман ҳокимлиги томонидан 27 декабрдан бошлаб 5 кун давомида ҳар куни 300 нафардан кам таъминланган оилаларнинг болаларига байрам дастурхони ёзилиб, янги йил совғалар тарқатилмоқда. Болажонлар арча атрофида рақсга тушишиб, шеърлар ўқишмоқда. Байрам дастури давомида 16 нафар етим болалар ва 180 нафар кам таъминланган оилаларда вояга етаётган болажонларга қишки ки¬йим-бошлар берилди.

- Бу йилги арча байрами томошалари ҳар йилдагидан ҳам яхши ташкил этилибди, - дейди тумандаги 5-мактабнинг 7 синф ўқувчиси Азиза Қосимова. - Арча атрофида рақсга тушиб мазза қилдик. Мен мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан бир қаторда шеъриятга қизиқаман. Халқимизнинг атоқли шоири Муҳаммад Юсуф шеърларини жуда яхши кўраман. Бундан ташқари, спортнинг волейбол тури билан ҳам шуғулланмоқдаман. Келгусида мактабни аъло баҳоларга битириб, Ватанимиз учун хизмат қиладиган яхши инсон бўлишга ҳаракат қиламан.

Туман марказида ўрнатилган арча атрофи кечки пайтда ҳам  гавжум бўлмоқда. Кўплаб ота-оналар ўз фарзандари билан бирга бу ерга ташриф буюриб, мароқли дам олишмоқдалар. 

- Болаларим билан бу ерга келиб жуда хурсанд бўлдик, - дейди Боғот маҳалласида яшовчи фуқаро Умида Қодирова. - Тўғриси, бундай чиройли безатилган арчани биринчи марта кўриб турибмиз. Болажонларимизни арча атрофида завқ-шавқ билан ўйнашлари, турли кўнгилочар тадбирларнинг ташкиллаштирилгани, Қорбобо ва Қорқиз иштирокида фотосуратга тушишлари ва уларнинг қўлидан совғалар олишлари болаларимизни жуда руҳлантириб юборганини алоҳида эътироф этардим.

Арча байрами тадбирлари нафақат туман марказида, балки туманимизнинг барча ҳудудларида катта шоду хуррамлик билан бўлиб ўтмоқда. Туманнинг Пайшанба шаҳарчаси, Мўндиён, Полвонтепа, Каттаминг, Қўштепа, Яккабоғ, Каттакўрпа каби 13 та маҳалла марказларида безатилган арчалар ўрнатилган бўлиб, улар атрофида маҳаллий аҳоли иштирокида ҳар куни кўплаб кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Байрам баҳонасида ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, иқтисодий ночор оилалар ва ўзгалар парваришига муҳтож инсонлардан хабар олиниб, уларга меҳр-мурувват кўрсатилмоқда. 

- Мен тумандаги Қорадарё маҳалласида яшайман, - дейди Муҳаббат опа Тошева.  - Оиламизда иқтисодий етишмовчилик сабабли анча қийналиб қолдик. Аҳволимиздан хабар олган туман ҳокимлиги Хотин қизлар қўмитаси бизларга яқиндан ёрдам кўрсатди. Жорий йилда газ плитаси ва балони ҳамда  қиш мавсуми учун кўмир беришди. Бундай кўмакдан оиламнинг аҳволи тубдан яхшиланди. Мен бундай беминнат ёрдам учун барчаларидан чексиз миннатдорман. 

Бу йилги янги йил танатаналари қишлоғимиз аҳолиси учун ҳар қачонгидан ҳам файзли бўлди, - дейди Қоракўлча қишлоғида яшовчи Тоштемир Ҳайитов. - Қувонарлиси жорий йилда қишлоғимиз "Обод қишлоқ" дастури доирасида қайта қурилди. Кўплаб ижтимоий объектлар қад ростлади. Қишлоғимиз табиий газ, ичимлик суви билан таъминланди. Йўлларимиз асфальт қилинди. Мактаб ва боғчаларимиз тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, ўзгача қиёфа олди. Қишлоғимиз аҳли бундай ғамхўрликдан беҳад миннатдор.

Янги йил тантаналари ҳар бир мактаб, болалар боғчалари ва маҳаллаларда, ташкилот ва корхоналарда кўтаринки кайфият билан давом этмоқда.

2015-2019 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM