Истиқболли лойиҳа: Қишлоқ хўжалиги корхоналари кластер тизимига ўтмоқда

Image_tadbir: 

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш кластер тизими билан боғланмоқда. Президентимизнинг таъбири билан айтганда, у тез орада аграр соҳанинг локомотивига айланади. Бинобарин, қишлоқ хўжалиги, айниқса, пахтачилик тармоғи қанчалик саноатлашса, давлатнинг экпорт салоҳияти шунчалик ортади, халқнинг турмуш фаровонлиги юксалади.

Пахта-тўқимачилик кластери ўзи нима? Бу - ягона технологик занжирга бирлаштирилган корхоналар мажмуи, аҳоли турли қатламларини ўзида жамловчи боғлам, айни пайтда соҳада инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичи ҳамдир. Чунки кластер шарофати билан хом ашё қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади. Содда қилиб айтганда, кластер тизими моҳиятдан бир мажмуа доирасида бир жамоа бўлиб ерларни шудгорлаш, чигит экиш, ғўзани парваришлаб, пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш, хом ашёни қайта ишлашгача бўлган барча фаолиятни ўз ичига қамраб олади. 

Мазкур жараёнларда ҳамма ишчиларнинг манфаатлари уйғунлашади. Яъни, хом ашё етиштирувчидан тортиб, уни қайта ишловчиларгача бўлган барча ишчи-ходим маҳсулот сифатига бирдек жавобгар бўлади. Чунки шунга яраша охирги товарни сотишдан пайдо бўладиган қўшимча қийматнинг бир қисми шу ишга бош қўшган меҳнаткашларга тақсимланди. Бундай рағбат уларни номигагина эмас, балки сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди. Кластер фақат иқтисодий самарадорлиги юқорилиги билан эмас, аксинча, ижтимоий аҳамияти катталиги жиҳатидан ҳам ажралиб туради.

Шу боис туманимизда жорий йилдан бошлаб фермер хўжаликлари ер майдонларида кластер усулида пахта етиштиришга киришилади. Хўш бу қандай амалга оширилади?

Туманда замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерини ташкил этиш мақсадида "KATTAKURGAN CLUSTER" масъулияти чекланган жамияти  шаклидаги корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. 

"KATTAKURGAN CLUSTER" масъулияти чекланган жамияти  шаклидаги корхонаси ихтиёрига 11 044 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ушбу ҳудудларни қамраб олган агромажмуада қўшимча 640 та янги ўринлари яратилади.

- Туманда пахтачилик-тўқимачилик клас¬терини ташкил қилишдан кўзланаётган асосий мақсад тумандаги фермер хўжаликлари ер майдонларида интенсив технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш орқали пахтадан юқори ҳосил олиш ҳамда фермер хўжаликлари иқтисодиётини бар¬қарорлаштиришдан иборат, - дейди "KATTAKURGAN CLUSTER" масъулияти чекланган жамияти  шаклидаги корхонаси раҳбари Отабек Мансуров. - Ташкил этилаётган кластер тизими хом ашё етиштиришдан уни тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган жараённи қамраб олади. Шу мақсаддахўжаликлар техник таъминотини яхшилаш, пахтачиликдаги илғор усулларни жорий қилиш орқали йил якунида ажратилган ер майдонларидан 29 минг тоннадан кўпроқ пахта ҳосили йиғиб олишни кўзламоқдамиз. Ушбу пахта ҳосилини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиш мақсадида ип йигирув фабрикаси қурилади.Фабрика 2020 йилнинг 4-чорагида ишга туширилади. 2021 йилга ўтиб фабрика тўлиқ қувват билан ишлайди. 2022 йилда эса матони бўяш ва унга гул босиш линияси ишга туширилади. 
Пахта хом ашёсини қайта ишлаш натижасида олинадиган тайёр маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади. Кўзланган мақсадга эришиш учун жамиятимиз томонидан ҳар 1 тонна пахта ҳосили учун ўртача 4 млн.сўм ва 1 гектар ер майдони учун 11,24 млн.сўм маблағ сарф қилиниши режалаштирилмоқда.

Туманимизда амалга оширилаётган бу лойиҳа туман иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшади, қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари турмуш даражасини кўтарилишига ва уларнинг оилавий даромадлари ошишига замин яратади. 

2015-2019 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM