Каттақўрғон тумани ҳокими, Аъзамхон БАҲРОМОВ: Муаммолар ортида ишсизлик ва етишмовчилик ётибди

Вилоят телерадиокомпаниясида ўтказилган "Очиқ мулоқот"  кўрсатувида Каттақўрғон тумани ҳокими, сектор раҳбарлари, тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Аҳолидан тушган мурожаатларни таҳлил қилар экан туман ҳокими А.БАҲРОМОВ юқоридаги фикрларни билдирди.

– Афсуски, Каттақўрғон иқтисодиёт­да саноат улуши энг кам туманлардан, – дейди ҳоким. – Бугун келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ортида ишсизлик, етишмовчилик ётибди. Афсуски, иш ўринлари яратишда ҳам кўпинча, қоғозбозликка йўл қўйилганини тан олиш керак. Бизга аввало, реал, барқарор даромад келиб турадиган иш жойлари керак. Шу сабабдан ҳам биринчи навбатда туманда саноатни, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришимиз лозим. Шундагина ишсизлик ва унинг ортидан келиб чиқадиган муаммоларга ечим топилади.

Дарҳақиқат, мулоқот давомида келиб тушадиган мурожаатларнинг бир нечтаси ишсизлик борасида бўлди. Жумладан, Алишер Навоий номли маҳалладан А.Набижонов, Бургансой маҳалласидан О.Хидиров, Болтабек маҳалласидан Г.Бобоеванинг иш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Туман ҳокими тўғридан-тўғри эфирда меҳнат қилишни истаган ҳар бир фуқарога албатта, шароит яратиб беришини маълум қилди.

– Ижтимоий соҳада ҳам туманимиз йиллар давомида анча ортда қолганини яширишдан фойда йўқ, – деди туман раҳбари. – Муаммони тан олиш, уни бартараф этиш устида ишлашимиз керак. Ичимлик суви муаммосини олайлик. Бугун туман аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 25 фоиз десак ҳам, 75 фоиз десак ҳам тўғри бўлмайди. Сабаби, асосий аҳоли пунктлари икки дарё оралиғида жойлашгани сабабли ер ости сувлари яқин, кўпчилик ўз ҳовлисида қўлбола қудуқ қазиб олган. "Сувоқова" фаолияти тўхтаб қолган. Биз ана шу корхона фаолиятини тикладик, шароит қилиб бердик. Сабаби, аҳолига зарарсиз ичимлик суви керак. Буни ҳаммага тушунтиришимиз зарур.

Мулоқот давомида аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларнинг нисбатан ошиб бораётгани эътиборимизни тортди. Телерадиокомпания телефон рақамлари, ижтимоий тармоқлар ва "Зарафшон" газетаси орқали 70 дан зиёд муаммолар билдирилди. Кўрсатув давомида яна бир ҳолат эътиборимизни тортди. Тушаётган айрим мурожаатлар бўйича жавоб бериларкан, туман мутасаддилари мурожаат эгасини идорага таклиф қилиб, муаммосини ечишга ваъда берди. Туман ҳокими эса "Фуқарони ишхонамизга таклиф қилмасдан, ўзимиз унинг олдига борайлик", деди.

Мулоқот сўнгида Аъзамхон Баҳромов ўз хулосаларини таҳририят билан бўлишди:

– Ушбу мулоқот биз учун жуда фойдали. Сабаби биз халқ билан мулоқотнинг ҳамма йўналишларидан, шу жумладан телемулоқотлардан фойдаланиб келяпмиз. Телемулоқотнинг бир томони борки, халқ тўғридан-тўғри кўриб турибди. Мутасаддилар ҳеч нарсани яшира олмайди. Муаммони албатта, ечиш керак, вассалом! Биз учун яна бир фойдали томони қаерда, қандай муаммоларимиз кўпроқ эканини ана шу мулоқотлар орқали билиб боряпмиз.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM