ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ БАРҚАРОРЛИГИ кўп жиҳатдан эл орасидаги зиёлиларнинг ташаббускорлигига боғлиқ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

 

Бугун халқимиз орасида тобора урчиб бораётган турли иллатлар, кўнгилсиз ҳодисалар, оилавий ажримлару ким ўзарга тўй-тантана қилишлар маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг бузилишига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти. Айни ҳолатларга томошабин бўлиб туриш нафақат давлат идоралари раҳбарларига, балки фаровон турмушимизга ўзини дахлдор, деб ҳисоблаган фаоллар, ижодкору зиёлиларга ярашмайди. Демак, лоқайдлик ва бефарқликка чек қўйишнинг вақти келди...
 

Туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов каттақўрғонлик ижодкорлар, маънавият ва маърифат фаоллари, маданият ходимлари билан учрашувида айни шундай фикрларни таъкидлади.


— Айни пайтда турли важлар билан айрим оилаларнинг ажралиш ҳаракатига тушаётгани, бунинг оқибатида фарзандларимиз тирик етим бўлиб қолаётгани энг оғриқли муаммоларимиздандир, — деди туман ҳокими. — Баъзи фуқароларимиз динни чуқурроқ ўрганаман, намоз ўқийман, деб интернет орқали аллақандай маълумотларни ахтариб, турли ғайриқонуний ташкилотларнинг тарғиботларига алданиб қолаётган ҳолатлари, афсуски учраб турибди. Энг ачинарлиси, турмуш ғамини ўйлаб, оиласи фаровонлиги учун хорижда ишлаб, пул топишга кетган баъзи юртдошларимиз иш топшида қийналиб, сарсон-саргардон юрганда уларнинг “қармоғига” илиниб қолиши сизу бизни огоҳликка чақиради. Қўшниси бир бурда нонни амал-тақал қилиб топиб, бола-чақаси билан кун кечираётганда исрофгарчиликка бой тўй-маърака қилаётганларга нима дейсиз?! Айни ҳолатларнинг олдини ким олади, албатта, сизу биз.


Туман ҳокими жиноятчиликни олдини олиш, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш ва бошқа тизимларда жамоатчилик назоратини кучайтиришда  фаоллар, зиёлийларнинг тутган ўрни ниҳоятда муҳим эканлиги эътироф этди. Айни пайтда халқ орасида таниқли, ҳурмат-иззатга эга шоир ва ёзувчилар, барча ижод аҳли ушбу ғояларга ҳамфикр ва ҳаммаслак бўлиб ҳаракат қилиши, ўз ижодларида одамларни эзгулик йўлига бошловчи ғояларни илгари сурсалар, айни муддао бўлишлигини қайд этди. Шунингдек, аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини кучайтириш, китобхонликни кенг тарғиб этиш, ёш, иқтидорли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.


Шундан сўнг, шоирлар Дўстмуҳаммад Дўст, Фазилат Абдуллаева ва бошқалар сўзга чиқиб, ҳокимнинг чақириғи ниҳоятда ўринли эканлиги, фаровон ва бахтли ҳаётни қарор топтириш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни такомиллаштириш ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳамфикрлилик билан ҳаракат қилишга боғлиқ эканлиги ҳақида сўз юритди. Туманда ҳоким томонидан ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиб, шоир ва адиблар, умидли ёш ижодкорлар учун муносиб шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Каттақўрғон туман бўлимини ташкил этиш таклифини билдиришди.


Учрашувда шоир ва ёзувчилар, зиёлиларнинг таклиф ва мулоҳазалари тинглади. Уларнинг таклифига мувофиқ, Каттақўрғонда туман Бадиий Кенгаши тузиладиган бўлди. Келгусида кенгашнинг фаолиятини такомиллаштириш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириб, уларга аниқ тавсиялар бериб бориш бўйича вазифалар белгиланди. Аҳоли ўртасида соғлом маънавий муҳит яратиш, турли иллатлар, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ҳокимлик ҳамда жамоатчилик ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга оид аниқ вазифалар белгилаб олинди.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM