Тадбиркорлар учун сайёр қабул

Яқинда давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи давомида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан танишиб, ҳудудда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратган эди. Шу мақсадда республика Халқ банки бошқаруви раиси Муродилла Эшматов вилоят аҳолиси учун Каттақўрғон туманида сайёр қабул ўтказди.
     Ҳудудда  амалга оширилаётган ишлар кўлами билан танишиш, туманда тадбиркорлик соҳасига янада кенгроқ имкониятлар беришни мақбуллаштириш мақсадида ўтказилган сайёр қабулга нафақат Каттақўрғон тумани вилоятимизнинг бошқа туманларидан ҳам 100 га яқин тадбиркорлар ташриф буюрди.

  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан учрашувда туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов сўзга чиқиб, тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан туманда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар юзасидан маълумот берди. Шундан сўнг республика Халқ банки бошқаруви раиси Муродилла Эшматов тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотга киришди.

- Ўтган йили Авастриядан 63 бош зотдор қорамоллар олиб келган эдик дейди, “Алишер Лидер Файиз” корхонаси раҳбари Алишер Сағдуллаев. - Корхонамизга сўнгги русумдаги замонавий техникалар харид қилиш учун кам фоизли кредит сўраб мурожаат қилдим. Каттақўрғон туманининг Энамяхши қишлоғида барча қулайликларга эга замонавий чорва комплекси барпо этиш ниятидаман. Келгусида қорамоллар сонини кўпайтириш баробарида  мажмуани ўзида маҳсулот қайта ишлаш тизимини ҳам йўлга қўйиш режаларимиз бор. Бугунги қабулда республика Халқ банки бошқаруви раиси имтиёзли кредит олишимиз бўйича масъулларга топшириқ берди.

 Қабул давомида тадбиркорларнинг кўплаб муаммоларига ечим топилди.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM