КАТТАҚЎРҒОНДА 7 ТА ЯНГИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ ИШ БОШЛАДИ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Маълумки, 2018 йил 5 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга кўра мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича  кўрилаётган  чора-тадбирлар натижадорлиги ошириш, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди.

  Ушбу қарорнинг ижроси доирасида ўтган қисқа даврда Каттақўрғон туманида ҳам бир қатор давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг янги бинолари қурилди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида туманимизда бир йўла 7 та ана шундайянги қуриб битказилган мактабгача таълим муассасалари иш бошлайди.
Бугуннинг ўзида тумандаги Мирзо Улуғбек маҳалласида тадбиркор Барно Ҳамдамова, Мадраса маҳалласида тадбиркор Гулшода Каримова,  Полвонтепа маҳалласида тадбиркор Эсонбой Муҳаммадиев, Мундиён маҳалласида тадбиркор Д.Жўраев томонидан қуриб битказилган 100 ўринли ва Қоракўлча маҳалласида тадбиркор Раим Эшонқулов, Кумушқирғоқ маҳалласида тадбиркор Нуриддин Эрназаров ҳамда Мирзо Улуғбек маҳалласида Ҳилола Раҳмонова томонидан барпо этилган 50 ўринли мактабгача таълим ташкилотларининг бинолари фойдаланишга топширилди.
Мактабгача таълим ташкилотларини очилиш тадбирларида туман ҳокими А.Бахрамов, туман Мактабгача таълим бўлими мутасаддилари, қурувчи-ишчилар, маҳалла фаоллари ҳамда жажжи болажонлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этдилар. 
Айтиш жоизки, ушбу мактабгача таълим муассасалари замон талаблари даражасида жиҳозланиб, жажжи кичкинтойларимизнинг таълим ва тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилди. Боғчаларда ҳар хил тўгараклар ташкил қилиш учун алоҳида хоналар ажратилган.
Боғчалар янги ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан тўлиқ таъминланди. Боғчанинг ташқи томонида эса болалар учун ўйин ва спорт майдончалари, чўмилиш ҳовузчаси ҳамда ёзги айвончалар кўркам ландшафт ва замонавий дизайн асосида қуриб битказилди. 
Таълим муассасаларига болалар тарбияси жараёнида ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрлар жалб қилинди. Бу эса болажонларни ёшликдан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бориш, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаб бориш имконини яратади.
Шу ўринда шуни айтиш жоизки, ушбу 7 та мактабгача таълим ташкилотлари қурилиши ишлари учун жами 14 млрд. 851 млн.сўм маблағ сарфланиб, шундан 8 млрд.836 млн.сўм маблағлар банк муассасаларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан ва лойиҳаларнинг қолган қисми тадбиркорларимизнинг шахсий жамғармалари ҳисобидан амалга оширилди.
Туманимизда ушбу 7 та мактабгача таълим ташкилотларининг фойдаланишга топширилиши натижасида эндиликда ушбу ҳудудлардаги 550 нафар мактабгача ёшдаги болажонларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш имконияти яратилди. 
Туманда бу каби қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM