Янгиободда “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” тарғибот тадбири бўлиб ўтди

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Тарғибот тадбирлари Каттақўрғон туманининг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Янгиобод массивидаги 28-умумтаълим мактабида ўтказилди. Тадбир доирасида мазкур мактабнинг янги қуриб битказилган спорт зали ўқувчилар ихтиёрига топширилди.  


Ушбу қўшалоқ тадбирда иштирок этган туман ҳокими в.в.б Қиличбек Худойбердиев ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда қишлоқ аҳлини янгитдан қуриб битказилган спорт зали билан табриклаб, бу ердан келажакда юртимиз байроғини баланд чўққиларга кўтаришга қодир машҳур спортчилар авлоди етишиб чиқишига тилак билдирди.  Қолаверса, бугунги кунда мазкур мактабда таълим олаётган ўқувчиларни келажакда билимли, зукко, меҳнатсевар ва юртимиз учун фойдаси тегадиган ажойиб инсонлар бўлиб етишишга чақирди. 

- Спорт залимизнинг қурилишига асос бўлган бир воқеа жуда эсда қоларли бўлган, - дейди мактаб директори Азиза Боймуродова. – Бундан 1 йилча олдин ўша пайтдаги туманимиз ҳокими Аъзамхон Бахрамов (охирати обод бўлсин) ижтимоий тармоқлардан бирида эълон қилинган “Муаззам тонглар отади” номли шеъримни ўқиб қолиб, илиқ фикрлар билдириш билан бир қаторда мактабдаги муаммолар ҳақида сўраганди. Шунда мен мактабимизга спорт зали кераклигини айтгандим. Орадан бироз вақт ўтиб, у кишидан хушхабар келиб қолди: “Сизни табриклайман, муаззам тонгларингиздан бири отди. Мактабингиз учун спорт зали ва қўшимча бино қурилиши инвестиция дастурига киритилди!”. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай спорт зали ҳам қуриб битказилди. Энди мактабимиз ўқувчилари йилнинг исталган фаслида спорт билан шуғуллана оладилар. Бунинг учун барча ота-оналар номидан туман ҳокимлиги ва қурувчиларга чексиз миннатдорчилик билдираман.

Спорт залининг очилиш тадбири “Янгича Ўзбекистон – янгича дунёқараш” тарғибот тадбирларига уланиб кетди.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM