Каттақўрғон: Юксалиш одимлари

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Каттақўрғон тумани нафақат вилоятда, балки республикада ҳам ўз ўрни ва нуфузига эга туман. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама рағбатлантириш, экспорт фаолиятини амалга оширувчи корхоналар учун энг қулай шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида туман ҳокими Ж.Насриддинов томонидан ҳар чоршанба "Тадбиркорлар қабули" ўтказилиб келинмоқда. Туманда  қурилиш, ободончилик, бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилиб, ҳоким томонидан тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилганлиги боис ишлаб чиқариш корхоналари сони кундан кун ортиб бормоқда. Бу эса аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликдан чиқаришда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври давомида амалга оширилган ишлар, янгидан ишга тушган корхоналар бунга яққол мисолдир.

Туманда 2021 йилнинг 1 апрель  ҳолатига рўйхатга олинган юридик шахслар сони 1779 тани ташкил қилиб, шундан 1698 таси фаолият кўрсатмоқда. Тижорат банклари томонидан I чорак давомида 426 та тадбиркорларга барча манбаалардан, жами 1 млрд. 456 млн.сўм кредитлар ажратилди. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш йўналиши бўйича 2021 йилда жами 425 та тадбиркорлик субъект­лар ишга туширилиши режалаштирилган. Юқоридаги лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида 822 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши ва 3,7 млрд.сўм умумий солиқ тўловлари йиғими кўзда тутилган. 2021 йилда дастурга асосан 1906 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган бўлиб, 2021 йил I чоракда 679 та янги иш ўринлари ташкил этилди. 
Туманда "Темир дафтар", "Аёллар" ва "Ёшлар" дафтарларига рўйхатга олинган кўплаб ишсиз хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммолари ҳал этилиб, улар учун муносиб даромад манбаалари яратилмоқда. Тадбиркорлар томонидан ҳудудларда кўплаб корхона ва ташкилотларнинг очилаётгани уларнинг иш билан бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Масалан, Файзикент маҳалласида  тикувчилик ва қандолатчилик кооперациялари ташкил этилди. Ушбу кооперацияларни ташкил этилиши натижасида 24 нафар аёллар ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратилди. 
Каттаминг қишлоғида йилига 1 миллион  200 минг дона шифер ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган "Каттақўрғон шифер" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги янги корхона ишга туширилди. Мазкур корхонани лойиҳа қиймати 20 миллиард сўмни ташкил этади. Хитойнинг замонавий ускуналари билан жиҳозланган корхонада 50 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Келгусида мих ва шруп ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш устида иш олиб борилмоқда. Ушбу линия ишга туширилгач, яна 60 нафар ёшлар учун янги иш ўрни яратилади. Навбаҳор маҳалласида тадбиркор Шерзод Одиловнинг "Сам Кат Сифат" масъулияти чекланган жамиятида турли хилдаги темир-бетон плиталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.Корхонада йилига 7000 донагача темир-бетон плита тайёрланиб, қурилиш ташкилотларига келишилган арзон нархларда етказиб берилмоқда. Янги цехнинг ишга туширилиши билан 14 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди.
Туманда йилига 43 минг куб.м.маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган "ECO CAREER" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги янги корхона ишга туширилди. Найман маҳалласида бунёд этилган ушбу корхона умумий қиймати 10 миллиард сўм инвестиция эвазига қурилди. Муҳими,замонавий ускуналар билан жиҳозланган корхонада 35 та янги иш ўринлари яратилди. Корхонада сифатли ва арзон  шебен, клинец, қум ва бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан биргаликда, тайёр маҳсулотни келишилган нархларда сотиш ва етказиб бериш хизмати ҳам йўлга қуйилган.
"Кумуш тола" хусусий корхонасида ипак момиқлардан тайёрланадиган "Ипакли пар кўрпа"лар тайёрлаш   цехи ишга туширилди. Ушбу цехда ҳозирда  бир кунда 15 тагача, бир ойда 500 тагача донаси 250-300 долларлик қимматбаҳо ипакли пар кўрпалар тайёрланмоқда. 
Кумушкент маҳалласида Гулмира Жумаева раҳбарлигида "ANVARJON BIZNES INVEST" масъуляти чекланган жамияти шаклидаги аҳоли маиший чиқиндиларини қайта ишлаш корхонаси ишга туширилди.  Лойиҳа қиймати 10,700 млрд сўм ташкил қилиб,  бир йилда 850 тонна чиқиндини қайта ишлаб чиқариш имкониятига эга МЧЖда 15 нафар доимий иш ўринлари яратилган.
Ёнбош маҳалласи Чорпара қишлоғида яшовчи Тожихон она Одилова хотин-қизлар жамғармасидан 30 млн. сўм кредит олиб, олис тоғли ҳудудда ўз ишини касаначилик, тикувчилик йўналишида кенгайтирди. Тадбиркор она ёш келин-куёвларга кўрпа ёстиқ, жойпушт, девор кашта ва меҳроб кашта, қуроқли кўрпа-ёстиқ, дастурхон, чимилдиқ, куёвларга кашталик белбоғ, рўмолча ҳамда чопонлар тикиб келмоқда. Тожихон она қишлоқ аёлларидан 6 нафарини иш билан таъминлаб, узтоз шогирд мактабини давом эттириб келмоқда. 
Янгиобод маҳалласининг Раҳ­мон­обод қишлоғида яшовчи Маҳбуба Остонова имтиёзли кредит олиб пишириқ цехини очди. Бу орқали у беш нафар маҳаллий ишсиз юрган хотин-қизларга ишчи ўрни яратди. Найман маҳалласида яшовчи Шалола Акрамова "BEST BUSINESS MASTER KLASS" ишлаб чиқариш кооперативини ташкил этиб, 20 турга яқин пишириқ ва қандолат маҳсулотлари тайёрлаб маҳалладошлари дастурхонига тортиқ этиб келмоқда. Цехда 10 нафар қизнинг бандлиги таъминланган. Олмазор маҳалласида яшовчи Гавҳар Самадова "Самад Зулфия Гавҳар" ишлаб чиқариш тикувчилик кооперативи ташкил этди. Бу ерда турфа тайёр маҳсулотлар - болалар ва аёллар спорт ва бош­қа турдаги кийимлари, чойшаблар, ёстиқ ҳамда кўрпалар тикилмоқда.16 нафар хотин-қизлар доимий иш ўрни билан таъминланди. Мўндиёнлик тадбиркор Гулшан Рустамовага туман ҳокимлиги кўмаги билан субсидия асосида 3 та тикув машинаси олиб берилди ва у "Жасмина Гулшан Тикувчи" ишлаб чиқариш кооперативини ишга туширди. Гулшан Рустамова ишсиз, лекин тикувчилик ҳунари бўлган 5 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлашга эришди. "Қоқсой" маҳалласида истиқомат қилувчи Хуршида Қорақулова банкдан 25 миллион кредит олиб, 4 та тикув машинаси харид қилди ва қишлоқдошларидан "Аёллар" дафтарида турувчи 5 нафар ишсиз аёлларни иш билан таъминлади. Қирғиз маҳалласи Қирғиз қишлоғида яшовчи Аброр Муртозаев хизмат кўрсатиш марказини ишга туширди. Ошхона, пайнет, музқаймоқ ва газли сув ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш   маркази ишга тушиши натижасида 10 нафар ёшнинг бандлиги таъминланади. Алишер Навоий маҳалласида яшовчи "Аёллар дафтари"да турувчи ёш тадбиркор аёл Лайло Нормуродова салончилик фаолияти билан шуғулланиб ўзи билан 2 нафар аёлни иш билан таъминлади. Шу маҳаллада яшовчи Шаҳноза Сафоева туман ҳокимлиги ва маҳалланинг кўмаги билан 10 миллион кредит олиб, аёллар ва эркаклар кийимлари тикиб,  ўзи билан 3 киши учун иш ўрни яратди.   Қиёт маҳалласида Азиза Мардонова томонидан очилган " Desert Sandy Fresh" қандолатчилик цехида ҳам бугун 5 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Цехда 25 турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, аҳолига етказилмоқда.
Тадбиркор Шахноза Ўролова раҳбарлигида ташкил этилган "Пайшанба текстиль - 80" масъулияти чекланган жамияти тўла қувват билан ишлай бошлагач, корхонада 50 нафар 30 ёшгача бўлган хотин-қизларнинг банд­лиги таъминланди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларда янги иш ўринларини яратиш мақсадида жорий йил туманда ер майдонлари ажратилиши кўзда тутилган. Бу билан 1500 нафар ишсиз йигит-қизнинг бандлиги таъминланади. Шундан 856 нафар ёшга сувли ердан ажратиш режалаштирилган. Қишлоқ хўжалигида ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларда янги иш ўринларини яратиш мақсадида жорий йил туманда 214 гектар ер майдони ажратилмоқда.  Масалан,   Қўшҳовуз массиви лалми ер майдонидан чорва озуқаси экиб олиш учун 1 гектардан 42  нафар фуқарога, Қўшҳовуз ҳудудидаги 70 гектар ер майдони камбағалликдан чиқиш истагида бўлган 140 та хонадонларга бўлиб берилди. 
Ойжон маҳалласи ҳудудида маҳаллий аҳолини доимий иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида 50 гектар ер майдонида лимончиликка ихтисослашган иссиқхона қурилишининг ниҳоясига етказилиши билан ушбу ҳудуддаги 400 нафар ишсиз фуқаролар доимий иш ўринларига, 1000 дан фуқаролар эса мавсумий иш ўринларига эга бўладилар. Ойжон маҳалласида 200 дан ортиқ аҳоли хонадонларида иссиқхона мавжуд. 
"Темир дафтар", "Аёллар дафтар" ва "Ёшлар дафтари"да турувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга қорамол, қўй, кондетирлик ускунаси, мотокультиватор, пишириқ печи, сартарошлик ва пойафзал таъмирлаш жиҳозлари берилаётир.
"Қўшқўтон, Омонкалхат, Янгиқўр­ғонча қишлоқларида,Қорадарё маҳалласида "Обод қишлоқ" дастури доирасида ободонлаштириш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Масалан биргина Янгиқўрғончада "Обод қишлоқ" дастури доирасида 13.5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилади. Жорий йилда Болтабек маҳалласида 2 миллиард 976 миллион сўмга 240 ўринга мўлжалланган 21-мактабнинг қўшимча биноси ва битта сув иншооти қурилиб, 6.3 км. ичимлик суви тармоғи тортилади ҳамда маҳалла ички йўлларига тош тўшалади. Алижон, Шўрак, Уйшун, Валижон, Муллатоғай ва Янгиравот маҳаллалари архитектура қиёфаси ўзгартирилади.
 Янгиравот ва Янгиобод маҳаллаларида замонавий янги қуриб битказилган 53 ва 68-мактабгача таълим ташкилотлари жажжи болажонлар ихтиёрига топширилди. Мўндиён маҳалласи марказида "Street Workout" спорт майдони, Қоракўлча МФЙ  биноси қурилди.
Каттақўрғон туманида 30 та маҳаллага мебель 30 та маҳаллага компьютер жамланмалари берилди. Мустақиллик байрамида Жумабой маҳалласи янги бинода иш бошлайди.
Жорий йилда Баландравот маҳалласида 210 ўринга мўлжалланган 36-мактаб биноси, Каттаминг маҳалласида 120 ўринга мўлжалланган 42-МТТ биноси қурилади. Шунингдек, жорий йилда янги лойиҳалар асосида яна кўплаб ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, туман ҳокими раҳбарлигида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар туман иқтисодини мустаҳкамлаб, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилгандир.

 

Эшпўлат САФАРОВ.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM