ҲАЁТ ТОҒИГА ТИК ЮРИБ ЧИҚАДИЛАР - Ҳақиқатпарвар журналист, халқчил шоир, чин инсон Нафас Дўсановни ёд этиб

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

*«КАТТАҚЎРҒОН ҲАҚИҚАТИ» ГАЗЕТАСИНИНГ 90 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

Сени соғинсинлар, Сен кўп соғиндинг.         
Чора йўқ барибир икки ҳолда ҳам.
Дарёдек тошардинг,кўл каби тиндинг
Фақат руҳинг қолди сен билан ҳамдам.
Афсус,соғинчнинг ҳам бордир адоғи,                      
Кейин унутилиш, бари абасдир.
Соғинган одамнинг кўнглида доғи,
Соғинтирганга ҳам осон эмасдир.

Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон халқ шоири,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

Нафас Дўсановни 45 йилча танидим. Шунча вақт бу инсонни кашф қилдим десам муболаға бўлмайди. Ҳар йили унда қандайдир бир олдин сезмаган хислатини илғагандай бўлардим. Ҳурматим, меҳрим ошиб борарди. Ёшимиз орасида беш йил фарқ бўлса-да, ҳаётининг сўнгги йилларида Нафас эка мени тенгдош, сирдош, яқин дўсти деб биладиган, адабий-бадиий ва ҳаёт жумбоқлари борасидаги баҳс-тортишувларда осон келишиб оладиган бўлгандик. Айни кунларда ҳам айрилиқ ғами юрагимни оғир тошдек эзиб турса-да, хаёлимда бу ажойиб инсон ҳамон тирикдай. Гўё сал ўтмай ишхонамнинг эшигини секин тақиллатиб, сўнг кулимсираганча бошини суқиб: "Ассалом, хўжайин, кириш мумкинми? (каминани у киши баъзан ҳазиллашиб "хўжайин " деб чақирарди. Сабаби, мен акани икки марта, биринчи бор шаҳар - район радиоси масъул муҳаррирлигига, иккинчи гал "Каттақўрғон тонги" газетасига адабий ходим вазифасига ишга қабул қилинишида сабабчи бўлган эдим) Айт­ган пайтингизда етиб келдим" - дерди. Сўнг ёнимдаги стулга чўка туриб янги дўпписини авайлаб столга қўяр экан,-хўш, бугун қаерга борамиз? Кимлар билан учрашамиз? Шеърхонлик бўладими? Иккита янги шеър ёзганман. Чойини албатта, улар ташкил қилмаса ўзимиз амаллаймиз. Мана сиз бор-ку!".
Н.Дўсанов ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари,бахшичиликни қадрлайдиган, замонавий ўзбек, рус ва жаҳон адабиёти етук намояндалари асарлари билан яхши таниш,баъзида бадиий таржимага ҳам қўл урадиган, сўзга бой, ҳазилкаш киши эди. Латифаларни ўзбек, рус тилларида қойилмақом айтиб юрарди. Ўрта ҳол ҳаёт кечирса-да, мағрур ва дадил тутарди ўзини. Ёш ижодкорларга самимий кўмаклашар, уларнинг машқларини эринмай қайта-қайта ўқиб, хатоларини тўғрилар, шеър ҳолатига келтириб берарди. Ўнга яқин ёш ижодкорларнинг илк тўпламини нашрга тайёрлаганини яхши биламан.
Н.Дўсанов 1975 йилда Каттақўрғондаги "Зарафшон" газетаси (ҳозирги "Каттақўрғон ҳақиқати") таҳририятида   журналистлик фаолиятини бошлади. Пенсияга чиққунча шу касбда ишлади. Ҳалол ва фидокорона меҳнат қилди. Журналист ва шоир сифатида кўплаб мухлислар орттирди.
"Республикада хизмат кўрсатган маданият ходимлари муҳаррир Файзулла Нуруллаев, муҳаррир ўринбосари Муқим Элмуродов, масъул котиб  Ҳамроқул Жамилов билан бақамти ишлаганимдан ғоят мамнунман. Улардан журналистика соҳаси бўйича жуда кўп нарсаларни ўргандим. Айниқса, Ҳамроқул Жамиловдан..."дея ёзади Н.Дўсанов таржимаи ҳолида ўша йиллар ҳақида. - Яхши эслайман, 1980 йилдан бошлаб Каттақўрғон шаҳрида ижодкорларнинг йиғилишлари мунтазам ўтказила бошланди. Уларда Холис домла, Райимжон Сатторов, Яздон Худойқулов, Тошпўлат Юлдуз, Шароф Шарипов, Мели Фармонов, Эркатош Шукурова, Адолат Раҳматова, Зулфия  Мўминова, Мамадали Эргашев сингари ижодкорлар фаол иштирок этишарди. Қаламкашларнинг янги асарлари муҳокама қилиниб, маслаҳатлар берилар, хатолари тузатилар эди.
Бундан ташқари, ҳафтанинг ҳар шанба куни Самарқандда адабий семинар ўтказиларди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси каттақўрғонлик таниқли шоир ва журналист, филология фанлари номзоди Самариддин Сирожиддинов олиб борадиган бу семинарга вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан ижодкорлар ташриф буюрар эди. Республикага таниқли адабиётшунослар Ботурхон Валихўжаев, Нуриддин Шукуров, Сайдулла Мирзаев, Исроил Мирзаев ва бошқаларнинг анжуманимизда қатнашиб, бизга унутилмас сабоқлар беришганини ҳеч қачон унутмайман. Менинг илк китобим ҳам ана шу семинарда муҳокама қилиниб, нашр этиш учун тавсия қилинган эди...
Орадан йиллар ўтиб, "Каттақўрғон зиёратгоҳлари" (ҳаммуаллифликда), "Яшил олам шайдоси", "Қаноат қалъаси", "Ёд этиб, улуғлайлик" (ҳаммуаллифликда), "Нигоҳлар ҳайқириғи", "Куз оҳанглари", Изҳор" каби китобларим, тўпламларим чоп этилди. Ҳозир ҳам ижод қилиб турибман. Насиб бўлса, 70 ёшимни янги "Сайланма" асарларимни чоп эттириш билан кутиб оламан."
Афсуски, Нафас аканинг ана шу эзгу ва камтарона нияти амалга ошмай қолди. Бевақт ўлим ўзига хос, бетакрор ижодкорни орамиздан олиб кетди. Шогирдлари Муҳаммад Мурод Султон ва Фазилат Абдуллаеванинг  ташаббуси ва бевосита хизмати билан Нафас Дўсановнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида автобиографик қисса чоп этилди. Лекин ваъда қилинган "Сайланма"ни тайёрлаш, шунингдек, чоп этилмаган кўплаб шеърлар, достон, ҳужжатли қиссалар тақдири ҳамон номаълум бўлиб, кишига тинчлик бермаётир. Бундай ижодкорнинг асарлари изсиз йўқолиб кетмаслиги керак. Бизнингча, каттақўрғонлик барча шеърият мухлислари, айниқса, Каттақўрғон туман ижодкорларлари, Н.Дўсановни таниган-билган инсонларнинг фикри ҳам шундай. Бироқ бундай сайланмани 200 нусхада чоп эттириш учун 10-12 миллион сўм маблағ зарур бўлади. Балки юксак маънавиятли давлатларда бўлгани каби мухлислар, дўстлар-қадрдонлар, ҳамкасб, шогирдлар, савобталаб тадбиркорлар, сармоядорлар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг моддий ва маънавий кўмагида бу муаммо ижобий ҳал этилар. Дил амрила бу эзгу ишга ҳисса қўшмоқчи бўлганлар "Саодат йўли" газетаси таҳририятига 93 355-01-80  телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
"1974 йилда уйландим. 4 нафар фарзандим ( уч ўғил ва бир қиз) бор, - дея якунлайди шоир ўз таржимаи ҳолини. - Ҳаммаси уйли-жойли, халқ корига яраб соҳалари бўйича меҳнат қилишяпти. Турмуш ўртоғим Авот Дўсанова тикувчи. Айни пайтда нафақада. Ўғилларим Шарофиддин, Камолиддин тадбиркорлик билан шуғулланишади. Дилшод мусиқа ва санъат мактабида директор ўринбосари бўлиб ишлайди. Қизим Зулайҳонинг касби педагоглик. Мактабда ишлайди. Ўн бир неварам бор. Оилам, оғайниларим, ёзган асарларим менинг бахтим, қувончим, бор ҳаётимдир".
 Бу ҳаёт мангу эканига шубҳа йўқ!

 

Муҳаммадали ЭРГАШЕВ.

  •  
2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM