КАТТАҚЎРҒОНДА СОАТИГА 5 ТОННА УРУҒЛИК ДОН ТАЙЁРЛАЙДИГАН ЯНГИ КОРХОНА ИШ БОШЛАДИ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил  5 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 733-сонли қарорига асосан,  “Uzbek seeds” миллий бренди остида уруғлик етиштириш, истеъмолчиларга етказиш, импорт ва экспорт билан шуғулланувчи замонавий корхоналар ташкил этиш белгиланган.

Ҳозирга қадар, туман эҳтиёжи учун зарур бўладиган уруғлик ғалла  “Оқтошдон” АЖ га қарашли “Зирабулоқ” ҳамда  “Самарқанддон” АЖга тегишли “Нуробод” уруғлик цехлари томонидан келтирилар эди.

 Энди Каттақўрғон туманида уруғлик ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий инновацион технологиялар билан жиҳозланган “Каттаминг уруғчилик кластери” корхонаси ўз фаолиятини бошлади. Корхонага Туркиядан давлатидан 350 минг АҚШ доллари миқдорида асбоб-ускуналар олиб келинган бўлиб,  соатига 5 тонна сифатли уруғлик дон тайёрлаб беради.

 Энг асосийси, уруғлик ғалла турли нав аралашмаларидан йироқ, экологик тоза. Жаҳон андозаларига мос, замонавий технологияларнинг афзалликларидан яна бири шундаки, бир вақтнинг ўзида уруғлик донни тозалаш, саралаш, дорилаш, колибровкалаш, қоплаш сингари бешта муҳим жараён амалга оширилади. Уруғлик дон  беш гуруҳга бўлинган ҳолда, таркибидаги бегона ўт ва навлар ажратиб олинади.

 Кластер корхонаси томонидан уруғлик дон етиштиришга илмий асосда ёндашиш, иқлим шароитига мос серҳосил ва эртапишар навлар яратиш юзасидан лойиҳалар белгиланмоқда. Айни кунларда бу ерда 15 нафар маҳаллий ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди.

 Келгуси йил ҳосили учун Каттақўрғон туманидаги мавжуд 220 та фермер хўжаликларининг 8 минг 926 гектар ер майдонига экилиши режалаштирилган 2 минг 250 тонна уруғлик ғалла тўлиқ кластер корхонаси томонидан етказиб берилади.

 -Замонавий уруғлик цехи томонидан ишлаб чиқарилаётган уруғлик ғаллани нав ва авлодлар бўйича алоҳида-алоҳида жойлаштириш, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Каттақўрғон туман бўлими бошлиғи Нурали Намозов,- шунингдек, тайёрланган уруғлик донни давлат стандартлари асосида тагликларга жойлаштирилиши, ёпиқ сиғимлар ва қуруқ жойларда сақланиши юзасидан доимий равишда мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.

Жаҳонгир САФАРОВ.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM