«Энди қоғоз журнал, рейтинг дафтарча бўлмайди, талаба гувоҳномаси ҳам ID картага ўтказилади» — Вазир

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов шанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида асосий эътиборни олий таълим тизимини рақамлаштириш масаласига қаратди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Унинг сўзларига кўра, «дунё тажрибасида тизим рақамлаштирилса, инсон омили минималлаштирилса, коррупция бўлмайди».

Бунинг учун Hemis ахборот дастури ишга туширилгани ва у орқали маъмурий, ўқув, илмий, молиявий йўналишлар бўйича барчаси рақамлаштирилиши таъкидланган. «Бу очиқлик, шаффофлик, адолатни беради, вақтни иқтисод қилади, энг муҳими харажатни қисқартиради», — дейди у.

Вазирнинг айтишича, рақамлаштириш барча жараёнга бирдек таъсир қилади.

«Ўшанинг учун ҳам бугундан ректорлар киришиши керак, Ўзбекистон олий таълим тизимида журнал, рейтинг дафтарча қоғоз кўринишда бўлмайди. Талаба гувоҳномасини ҳам ID картага ўтказиш ва унда барча маълумотлар сақланиши бўйича бюджет лойиҳаси ўтди. Бу ҳам муҳокамада ҳозир», — деди Абдуқодир Тошқулов.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, энди ҳар бир факультетга кирганда кўзга ташланиб турувчи, А1 ва А2 форматдаги ўқув проректори тасдиқлаган дарс жадвали — бу кўрсаткич эмас.

«Вазир, масъуллар борганида талабанинг қўлидан смартфонини олиб, уни иловада кўрсатиб бериши, дарс жадвали унинг телефонида бўлиши керак. Ота-онасининг телефонида бўлиши керак», — дейди у. Тошқулов, шунингдек, хорижлик ҳамкасблари олдида уялиб қолаётганини ҳам айтиб ўтган.

«Мен ҳозир хорижлик ректор ҳамкасбимиз олдида — буни энди қиляпмиз дейишга уяляпман. Бу 10−15 йил олдин Европа, Ғарбда, Шарқда қилинган нарса. Лекин ҳечдан кўра кеч», — дея қайд этади вазир.

Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир ректор, ҳар бир ўқитувчи бундан манфаатдор бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Термиз давлат университети ректори лавозимида ишлаб келган Абдуқодир Тошқулов 14 январь куни олий ва ўрта махсус таълим вазири этиб тайинланганди. Шавкат Мирзиёев собиқ олий таълим вазири Иномжон Мажидов (Ўзбекистон Миллий университетига ректор бўлди) тизимда ўзгаришлар қилолмагани учун лавозимидан озод этилганини айтганди.

Тайинловдан кейин Абдуқодир Тошқулов олий таълим муассасасида ҳаммасини ислоҳ қилиш учун атиги 3 ой етарли эканини айтган, вазифасига совуққонлик билан ёндашган бир қатор ректорларни танқид қилгани эди.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM