Каттақўрғоннинг Андоқсойида Шерали Жўраевнинг "дача"си бор

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Ёзнинг иссиқ кунлари бошланиши билан соя-салқин жойларда дам олиш кишига завқ бағишлайди. Бунинг учун вилоятимизнинг тоғ олди ҳудудларида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун имкониятлар яратиляпти. Табиати гўзал ҳудудларда туризм қишлоқлари ташкил этилмоқда.

Дараоғзи “Туризм қишлоғи”га айлантирилди

Каттақўрғон туманидаги тоғлар этагида жойлашган Андоқсой маҳалласи Дараоғзи гузари “Туризм қишлоғи”га айлантирилди. Қишлоққа элтувчи йўл асфальтланди. Бугунги кунда ички кўчаларни ҳам равонлаштириш ишлари олиб бориляпти.

- Ўтган йили шу маҳаллада ҳоким ёрдамчиси вазифасида фаолият бошладим, - дейди Талант Олимов. – Хатлов ўтказилди. Дараоғзи қишлоғида 3-4 та дам олиш маскани фаолият олиб бораётганлиги, аммо улар давлат рўйхатидан ўтмаганлиги аниқланди. Маҳалла фаоллари билан бирга қишлоқ аҳолисига тушунтириш ишлари олиб бордик. Натижада 5 та дам олиш маскани қонуний фаолият бошлади. Уларнинг ҳар бири эҳтиёжига қараб имтиёзли кредит олиш учун аризалар топширди. Масалан, тадбиркор Ваҳобиддин Турдиев 200 миллион сўмлик кредит олиш истагини билдирди. Бу маблағ эвазига у фаолиятини кенгайтириб, ўзига қарашли ҳудудда тарих ва замонавийликни уйғунлаштирган ўтовлар ўрнатиш, сўрилар сотиб олиш, музқаймоқ павильони ва бассейн бунёд этишни режалаштирган. Шунингдек, ҳудудда яна 13 та дам олиш маскани очилиши кўзда тутилган.

“Ногирон бўлсам ҳам хорижда ишлашга мажбур бўлдим”

Туризм қишлоғига кираверишда жойлашган “Андоқсой ёнғоқзорлари” дам олиш маскани ўтган йили фаолият бошлади.

- Болаликдан иккинчи гуруҳ ногирониман, - дейди тадбиркор Ваҳобиддин Турдиев. – Шундай бўлса-да, рўзғор тебратиш учун икки йил хорижда ишлаб қайтдим. Осон кечмади. Қишлоққа қайтиб, бошим қотиб турганида маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси дам олиш масканини ташкил қилишим мумкинлигини айтди. Гузаримиз туризм қишлоғига айлантирилгани, маҳалламиздаги Абулҳасан Андоқий зиёратгоҳи обод бўлаётгани, кундан-кунга сайёҳлар сафи кенгайишини ва бизга имтиёзли кредитлар ажратилиши мумкинлигини тушунтирди.

“Хориждан қайтиб, хорижликларни меҳмон қиляпман”

Ваҳобиддин ака таваккал қилиб, иш бошлади. Ҳоким ёрдамчиси айтганидек, ҳақиқатан ҳам қишлоққа келаётган сайёҳлар сафи кенгайиб борди.

- Дам олиш масканимизга, аввало, вилоятимиздан, шунингдек, олис шаҳарлардан, Тошкент, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан меҳмонлар келяпти, - дейди у. – Шунингдек, Россия ва Туркия давлатларидан ҳам келган сайёҳларни меҳмон қилдик. Ҳудудимиздаги гўзал табиат манзараси уларда катта таассурот қолдирди. Ёзнинг иссиқ кунларида ҳам бу ерда баҳор ҳавоси кезишига гувоҳ бўлиб, ҳайратланди.

В.Турдиев ўз ҳовлисида, оиласи бағрида бўлиб рўзғор тебратяпти. Шунингдек, қишлоқдаги 4 нафар ишсизнинг бандлигини таъминлади.

Андоқсойда Шерали Жўраевнинг ҳам дам олиш маскани бор

Янги ташкил этилган туризм қишлоғидаги дам олиш масканларидан бири шу ерлик тадбиркор Шерали Жўраевга тегишли.

- Авваллари ҳам меҳмон кутганмиз, - дейди у. – Эндиликда фаолиятимизни қонуний тадбиркор сифатида давом эттиряпмиз. Бунинг қулайликлари катта экан. Текширувчилар бизга жарима солиш учун эмас, фаолиятимизни кенгайтириш учун ёрдам кўрсатгани келяпти. Кредитлар ажратилишига кўмаклашяпти. Меҳмон уйлари ташкил қиляпмиз.

Дараоғзининг довруғи дунёга таралади

Ҳудуддаги дам олиш масканларида шароитлар кундан кунга яхшиланаётгани келаётган сайёҳлар сафини кенгайишига сабаб бўляпти.

- Навоий вилоятининг Учқудуқ шаҳридан келдик, - дейди Исматилло Соннибоев. – Оиламиз билан тоғ этагида дам олиш учун ҳар йили қайсидир вилоятга бориш анъанага айланган. Бу йил Дараоғзи туризм қишлоғига айлантирилганини каттақўрғонлик қариндошларимдан эшитиб, шу ерни танладик. Ҳақиқатан ҳам ажойиб жой экан. Бошқа вилоятлардаги машҳур оромгоҳлардан қолишмайди. Бу ҳақида ҳамшаҳарларимга, ҳатто хориждаги дўстларимга гапириб бераман. Улар ҳам келса, бошқаларга айтишади. Шундай қилиб тез орада Дараоғзининг довруғи дунёга таралади. Бу эса юртимизда туризм соҳасининг ривожига оз бўлса-да ҳисса қўшади.

Ҳудудда фаолият бошлаган тадбиркорлар, дам олиш масканида меҳмонларга хизмат кўрсатиш билан бир қаторда боғбончилик билан ҳам шуғулланади. Юзлаб мевали дарахтлардан олинаётган мўл ҳосил рўзғорига мўмагина даромад келтиряпти.

Тўлқин СИДДИҚОВ, Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM