Яқинда вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов бошчилигида Каттақўрғон тумани ва Каттақўрғон шаҳри делегация аъзолари Хитой Халқ Республикасининг Шандун ва Хенан провинсияларида бўлиб, мамлакат минтақалари раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди.
Ташриф давомида делегацияни Хенан провинсияси губернатори ўринбосари Зҳан Минг хоним бошчилигидаги раҳбарлар кутиб олди. Дастлаб, делегация Жиангсу провинсияси Нантонг шаҳрида бўлди. Унда Нантонг шаҳри ҳокими Зҳанг Тонг хоним бошчилигида шаҳар раҳбарлари билан учрашув ташкил этилиб, икки томоннинг савдо-иқтисодий имкониятлари, инвестисион жозибадорлик ва хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар тўғрисида тақдимот ташкил этилди. Шунингдек, Жиангсу провинсиясининг йирик тадбиркорлари иштирокида Б2Б шаклидаги учрашувлар амалга оширилди. Томонлар келгусида ҳамкорликда лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга ошириш юзасидан келишувларга эришдилар.
Ташриф давомида Хенан ва Каттақўрғон раҳбарлари ўртасида ўзаро икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича учрашувлар ташкил этилди. Учрашувда металлургия, текстиль ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳалари бўйича Самарқандда Хитой инвестисияларини жалб этиш энг яхши йўналишлардан эканлиги билдирилди. Учрашув давомида “Самарқанд – Хенан савдо иқтисодий ҳамкорлик форуми” ўтказилди. Унда Хитойнинг 70 нафардан ортиқ йирик корхонлари вакиллари иштирок этиб, ҳудудларнинг инвестисион жозибадорлиги, инвесторларга бериладиган имтиёзлар ва преференсиялар тўғрисида тарғибот материаллари тақдим этилди ва Б2Б форматидаги учрашувлар ташкил этилди. Икки томон корхоналари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Каттақўрғон раҳбарлари ва тадбиркорларнинг Хитойга ташрифи минтақалар ўртасидаги алоқаларда янги саҳифа очиб, ҳамкорлик истиқболларига хизмат қилади.