Учта қишлоқ обод манзилга айланади

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги "Обод қишлоқ" дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, жорий йилда туманимизда "Обод қишлоқ" дастури доирасида қилинадиган ишлар белгилаб олинди. Дастурга мувофиқ, тумандаги Мундиён, Муллакўрпа ва Валижон қишлоқларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

2019 йилда "Обод қишлоқ" Давлат дастурга киритилган Мундиён, Мулла¬кўрпа ва Валижон қишлоқ аҳоли пунктларидаги мавжуд уй-жойлар, бино ва иншоотлар, инфратузилма объектлари, ичимлик сув тизимлари, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникацияларининг техник ҳолати ўрганиб чиқилиб, шу асосда реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Жумладан, Дастур доирасида 1 670 та турар жой биноларида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган. 

Мундиён ва Муллакўрпа қишлоқларида 2 сотихли 3 хонали 30 та, 3 ва 4 қаватли 24 хонадонли намунавий арзон уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.

Жорий йилда "Обод қишлоқ" дастури кўлами ва қамрови жиҳатидан янада кенгаяди. Дастур доирасида жами 6 та ижтимоий соҳа объектлари, шундан тумандаги 16,17,22-умумтаълим мактаблари ва 5-сонли МТМни реконструкция қилиш ва 2 та янги мактабгача таълим муассасасини қуриш режалаштирилган.

Ҳудудларда бозор инфратузилма объектлари қурилиши бўйича Мундиён, Муллакўрпа ва Валижон маҳаллаларида жами 19 та ижтимоий инфратузилма объектлари жумладан 3 та мини футбол майдончаси, 3 та ҳаммом, 3 та минимаркет, 2 та маиший хизмат кўрсатиш уйи, 2 та сартарошхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси, тикувчилик хонаси, пайнет, пойафзал устахонаси, дорихона, гўзаллик салони қурилиши режалаштирилган.

Жорий йилда  ушбу ҳудудларда 28,4 километр йўлларга асфальт ётқизиш, 54,5 километр масофадаги йўлларга эса қум-шағал ётқизиш, 9,9 километр сув тармоғи тортиш ва 2,6 километр мавжуд тармоқни реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.

Йиллар давомида ҳудудларда табиий газ ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар тўпланиб қолганини инобатга олиб, Мундиён, Муллакўрпа ва Валижон қишлоқларининг аҳоли уй-жойларидаги газ босими етиб бормайдиган хонадонларга 748 та газ баллонлари тар¬қатиш режалаштирилган. 

Мундиён, Муллакўрпа ва Валижон қишлоқларига электр таъминотини яхшилаш мақсадида 385 та таянч устунлар ўрнатиш, 24 километр юқори ва паст кучланишли ҳаво линияларини таъмирлаш, электр қуввати етишмайдиган аҳоли пунктларидаги 11 та трансформаторларни таъмирлаш ва алмаштириш ишлари амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, "Обод қишлоқ" дастури доирасида Мундиён, Муллакўрпа ва Валижон қишлоқларида олиб бориладиган қурилиш-ободонлаштириш ишларининг ниҳоясига етказилиши натижасида бу қишлоқлар шаҳарлардан қолишмайдиган манзилга айланади.

2015-2019 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM