Мардларни майдон чорлайди

Кундалик турмушимизнинг ҳар бир жабҳасида халқимиз томонидан “оқ олтин”, дея эътироф этилмиш пахта хомашиёсидан олинадиган маҳсулотларга эҳтиёж сезамиз. Жорий йилда ҳам туманимиз бободеҳқонлари бироз кечки бўлсада пахтачиликда мўл ҳосил етиштирдилар. Айни пайтда ана шу захматли меҳнатлар самараси етиштирилган пахта ҳосилини йиғиштириб олиш айни авж паллада.

Халқимизда, мардлар майдонда синалади, деган ҳикматли гап бор. Бугун мардлар майдони пахта даласида, десак муболоға бўлмайди. Деҳқонларимизнинг йил давомида қилган машаққатли меҳнатлари самараси далаларимизда мўл ҳосил яратилган. Ҳозирда туманимизнинг барча ҳудудларида ҳосилни увол қилмасдан, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан териб олиш йўлида астойдил меҳнат қилинмоқда. Бунда фидоий юртдошларимизнинг ўз оилалари бюджетини мустаҳкамлаш борасида мамлакатимиз пахта хирмонини юксалиши йўлида қилаётган меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Аммо, тайинли бирон жойда ишламасдан билаги кучга тўлган айрим ёшларимизнинг бекорчи юришларидан кўра баҳоли қудрат теримда иштирок этиб, ўз оиласига ҳалол меҳнат билан даромад келтириши мақсадга мувофиқ бўлади. 

Шу ўринда айтиб ўтишимиз керак, йиғим-теримда иштирокчиларига далаларда барча шароитлар яратилган. Терим пуллари ўз вақтида кунлик берилиб борилмоқда. Ҳозирги кунда 1 кг. пахта учун 850 сўмдан нақд пул берилмоқда. Теримчиларимиз бир кундан 80-100 минг сўм ва ундан ошириб пул ишлаб топмоқдалар. Бу маблағ уларнинг оилавий бюджетига қўшимча даромад бўлиб қўшилмоқда. 

Ҳали далаларимизда ҳосил мўл. Лекин, кун сайин куз об-ҳавоси ўз ҳукмини ўтказиб, ёғин-сочинли кунлар яқинлашаётганини билдирмоқда. Шунинг учун ҳам ҳозирги иссиқ-илим кунларнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиб, машаққатли меҳнат ва катта харажатлар эвазига етиштирилган пахтамизни йиғиштириб олиш ишларини тезлатишимиз керак. Бунда, албатта, барчамиз теримда иштирок этаётган юртдошларимиз сафига қўшилишимиз керак. Ахир, миллий бойлигимиз бўлган пахтани нес-нобуд қилмасдан, ёғингарчиликка қолдирмасдан, ўз вақтида териб олиш йўлида иштирок этиш ватанпарварлик намунаси эмасми?!

Биринчидан пахта халқимизнинг миллий бойлиги, ундан олинадиган маҳсулотлар ўз эҳтиёжларимиз учун зарур, қолаверса теримда иштирок этиб ҳалол меҳнат билан топадиган маблағ рўзғоримиз эҳтиёжларига асқотади.

Биз нуронийлар туманимиз аҳолисидан далаларда қийғос очилган халқимиз насибаси бўлган «оқ олтин» ни тез ва соз фурсатларда йиғиштириб олишда ўз ёрдамларини аямасликларини сўраб, ҳашарчиларимизни, чевар теримчиларимизни, маҳалла аҳолиси ва ёшларимизни мардлар майдони бўлмиш пахтазорга чорлаймиз! 
 

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM