2020 йил 1 январдан БОДИКАМЕРАЛАР ишга туширилади

АОКАда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматидаги ислоҳотлар, Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан матбуот анжумани ўтказилмоқда. 

Ўтган 11 ой мобайнида республикамизда содир этилган йўл транспорт ҳодисалари 11,9 фоизга (8077 тадан 7115 тага), уларда ҳалок бўлганлар сони 11,6 фоизга (2066 тадан 1826 тага), жароҳатланганлар сони 13,7 фоизга (7564 нафардан 6531 нафарга), камайишига эришилгани қайд этилди. 

Таъкидландики, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири — ЙПХ ходимлари ва иштирокчилари ўртасидаги ўзаро муносабатни тартибга солишдан иборат. 

2020 йил 1 январдан бошлаб, ЙПХ ходими 8 соат давомида узлуксиз равишда хизматини видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб боради. Махсус бодикамералар ҳайдовчилар ва ходимнинг ноқонуний мулоқотга киришиши ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиши таъкидланди. 

Шунингдек, бодикамералар ходим томонидан йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари содир этилишининг олдини олади. 

Хитой Халқ Республикасининг “Хайтера“ компаниясидан 6193 та бодикамералар харид қилинган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасига 200 дона, Тошкент шаҳрига 2876 дона, Андижон вилояти 187 дона, Бухоро вилоятига 212 дона, Жиззах вилоятига 188 дона, Қашқадарё вилоятига 236 дона, Навоий вилоятига 185 дона, Наманган вилоятига 184 дона, Самарқанд вилоятига 341 дона, Сурхондарё вилоятига 203 дона, Сирдарё вилоятига 183 дона, Тошкент вилоятига 432 дона, Фарғона вилоятига 289 дона, Хоразм вилоятига 191 дона ажратилиб, 193 донаси захирага олинди.  

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM