Сарҳадларимиз мустаҳкам – кўнглимиз хотиржам

Она Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир фарзанд учун муқаддас  йигитлик бурчи ҳисобланади. Бу шарафли ишга бутун вужуд, қалб, иймон-эътиқод билан тайёр туриш, ҳамиша сергак ва огоҳ бўлиш, замонавий ҳарбий ва техник билимларни пухта эгаллаш талаб этилади. Шу боисдан ҳам фарзандларимизни аждодлардан бизга мерос бўлиб келаётган эзгу фазилатлар ҳисобланмиш мардлик, матонат ва жасорат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири саналади. 

Туман марказида, мамлакатимиз байроғи остида ташкил этилган байрам тадбирлари ҳам ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши, миллий армиямиз сафларига ўз бурчларини ўташ иштиёқини янада кучайтириши шубҳасиз.
Бу йилги байрам тадбирларида умумтаълим муассаси ўқувчилари, мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари, ёшлар иттифоқи фаоллари ҳамда уюшмаган ёшлар иштироқ этдилар. Тадбирни ҳарбий техникалар паради бошлаб берди. У туман ҳокимлиги биносининг олдида бошланиб тумандаги А.Навоий шоҳ кўчаси бўйлаб олиб борилди. 

Тадбирда туман ҳокими А.Бахрамов сўзга чиқиб ушбу байрам муносабати билан барчани қутлади ҳамда бир гуруҳ ҳарбийларга туман ҳокимлиги томонидан фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғаларни топширди. Тадбир давомида “Ватанпарвар” ташкилоти Каттақўрғон туман ЎСТК бошлиғи Рўзимурод Джураевга Ўзбекистон “Ветеран” бирлашмаси олдидаги хизматлари учун” медали ҳам тантанали равишда топширилди. Тантанада ҳарбий қисм зобит ва аскарлари ва меҳмонлар сўзга чиқиб, бугунги кунда ҳарбий соҳага қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитлар, кенг кўламдаги имтиёзлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтишди. 
Байрам муносабати билан Марказий ҳарбий округга қарашли 02855- ҳарбий қисми зобит ва аскарлари иштирокида ташкил этилган ҳарбий машиналар ва жанговор техникалар намойиши ҳам бўлиб ўтди.

Кўргазмали намойишда тадбир меҳмонлари ҳарбий техникалар, қурол-яроғлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Айниқса, болажонлар учун кўргазма унутилмас байрам совғасига айланди. Нафақат улар, балки катталар томонидан ҳам тадбир зўр қизиқиш билан қарши олинди. 

Фақат киноларда кўрган жанговор техниканинг асл намуналари билан яқиндан танишиш, уларнинг ички кўринишини ўз кўзи билан кўриш, ҳарбий оркестр ижросидаги қўшиқларни тинглаш, ҳарбий қуролларни қўлга олиб кўриш... Ахир, буларни унутиб бўладими?
Тадбир сўнггида иштирокчиларга жажжи болажонлар, ҳарбий аскарлар ва туман маданият бўлими вакиллари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
 

 

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM