ГЎЗАЛ ХУЛҚ-АТВОР БЎЛМАСА БАРИСИ БЕКОР 

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда мамлакатимиз ёшлари ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот тарзидаги учрашувда "Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади, - дея алоҳида таъкидлаб ўтгандилар." 

Шу муносабат билан Қоқсой МФЙ ҳудудида жойлашган 63-мактаб биносида ҳудуд ёшлари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирокида "Солиқ ва Ёшлар" учрашуви ўтказилди. Учрашувда 4-сектор раҳбари, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Акбарали Қулмирзаев иштирок этди. Учрашув давомида ёшларга солиқ ва солиққа тортиш, тадбиркорликка йўналтириш мавзуларида қатор тушунтиришлар берилди. 


Ёшлар билан бўлиб ўтган навбатдаги учрашув креатив ёндашув асосида ташкиллаштирилгани билан барчанинг ёдида қолди. Жумладан, инспекциянинг туман бўлими бошлиғи А.Қулмирзаев ўз кириш сўзини шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ва забардаст шоир Бобур шеърияти дурдоналарини ёд айтиш билан бошлаб, унга ҳамоҳанг равишда жаҳон адабиёти дурдоналаридан ҳам мисоллар келтирди. У учрашув давомида ҳозирги давр ёшлари учун яратиб берилаётган кўплаб имкониятлар тўғрисида алоҳида тўхталиб,  бундан ҳар бир инсон самарали фойдаланиши кераклиги ҳақида гапирди. 

- Инсон онгги гўёки унинг кинотеатри ҳисобланади, - деб таъкидлади А. Қулмирзаев. – Бу тафаккур кўп китоб ўқиш ва атрофни синчковлик билан кузатиш натижасида шаклланади. Китобни ўқишга киришар экансиз, ўзингиз билмаган ҳолда сизда бошқача фикрлаш пайдо бўлади. Билим даражангиз ошгани сари эса дунёни бошқача англай бошлайсиз. Инсон ҳаёти давомида барча соҳадаги билимларни пухта эгаллашга интилиши керак. Шу жумладан, диний билимларни ҳам билишлик сизни ёд ғоя оқимларидан ҳимоя қилади. Инсоннинг нафақат ўзи, балки унинг хулқ-атвори ҳам гўзал бўлиши керак. Инсон хато қилмаслиги учун ҳар кунлик қилган ишларини кунда мустақил таҳлил қилиб бориши керак. Шундагина тегишли хулосалар асосида тўғри йўлни танлай оласиз. 
 

Очиқ ва барча иштирокчиларни ўзига жалб қилган ҳолда бўлиб ўтган бу учрашув турли гап ўйинлари асосида ўтказилгани билан ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.  
 - Бугунги учрашув бир умр менинг ёдимда муҳрланиб қолади, - дейди 10-синф ўқувчиси Шахрўз Ҳамидуллаев. – Биз бугунги учрашувдан жуда катта маънавий озуқа олдик. Ўйлайманки, келгусида ҳам бу каби учрашувларнинг бардавомлиги сақланиб қолади. 
Учрашув сўнгида тадбирда фаол иштирок этган иштирокчилардан бир гуруҳига ташкилотчилар томонидан китоблар жамланмаси совға қилинди.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM