ЁЛҒОН ВА ҲАҚИҚАТ - “Ётиб қолгунча, отиб қол” қабилида иш кўраётганлар иғвоси ёхуд “Ёвича шантаж”

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

  Яқинда ижтимоий тармоқларда “Мен – Хадича Умарова, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, Ёви маҳалласи Шўр қишлоғида яшайман. Жорий йил 13 март куни Каттақўрғон туман ҳокими хусусий мулкимни тортиб олди. Ваҳоланки, ҳокимнинг қўлида хусусий мулкимнинг қарори ва кадастр ҳужжатлари бор эди. Шунга қарамай, солиқ тўламагансиз деган баҳона билан мулкимни олиб қўйди. Аслида, 2019 йил ҳисобидан ҳеч қандай қарзим йўқ” мазмундаги ғирт ёлғондан иборат пост эълон қилинди.

  Шундай бўлсада ушбу пост кўриб чиқилди ва қуйидагилар аниқланди. Бу ёлғондан иборат постнинг ёзилишига аслида сабаб самарасиз фойдаланган боғининг олиб қўйилишидир. Чунки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 1012-сонли қарорига кўра, Каттақўрғон туманида самарасиз фойдаланиб келаётган боғ ва токзорлар соҳага оид мутахассислар иштирокида махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилганди. Ўрганиш натижаларига кўра туманда жами 249 гектар боғ ва токзорлар яроқсиз ва самарасиз деб топилиб, ушбу ерларга янги ер майдонлари қўшилиб, шаффоф танловлар асосида талабгор тадбиркорларга берилган. Бунинг натижасида янги 324 гектар боғ ва 157 гектар интенсив токзорлар барпо этилди ҳамда туманда 1200 дан ортиқ янги доимий иш ўринлари яратилди. Шунингдек, янги ташкил этилган боғ ва токзор эгалари қатор ораларига полиз ва сабзавот экинлари экиш ҳисобига маҳсулот ҳажми бир мунча кўпайиб, унинг бир қисми экспортга йўналтирилмоқда, бундан эса ер эгаларнинг қўшимча даромадлари кўпаймоқда.
  Боғ ва токзорлардан самарасиз фойдаланиб келган фуқаролар орасида Х.Умарованинг ҳам 1 гектар номигагина экилган ва ҳосил бермайдиган токзори бўлган холос. Махсус комиссия томонидан ўрганилганда, ушбу токзор четлари ўралмасдан чорва молларидан ҳимояланмаганлиги, ҳосилдорлиги ниҳоятда пастлиги, меъёрда белгиланган ишчи ўринлари умуман яратилмаганлиги, белгиланган ҳисоботлар сурункали топширилмаганлиги, даромади деярли йўқлиги, ҳосилдан олинган даромади бирор бир жойда қайд этилмаганлиги, тегишли тартибда банкдан ҳисоб рақами очмаганлиги, қатъий белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг айрим турларини тўламаганлиги, шунингдек, ердан ғаразли мақсадда фойдаланиб, ўзбошимчалик билан терак экиб олиб, асосан шахсий чорва молларини боқишга яйлов сифатида фойдаланиб келганлиги аниқланган. Шунча камчилиги бўлсада, Х .Умарова одамларни чалғитиш учун ёлғон хабарларни ёзган, аслида бу ерда унинг ҳеч қандай бошқа хусусий мол-мулки ёки бино ва иншооти мавжуд бўлмаган.
  Х.Умарованинг ўша вақтдаги ўрганиш жараёнидан норози бўлиб ёзган шикояти юзасидан туман ҳокими А.Бахрамов март ойида унинг уйига бориб, турмуш ўртоғи Д.Давиров билан суҳбатлашган. Суҳбат давомида Д.Давиров токзордан фойдаланишдаги йўл қўйган хато-камчиликларидан хулоса қилганлигини, келгусида ердан самарали фойдаланиб интенсив усулда токзор қилишни айтиб, туман ҳокимидан ерини ўзида қолишини қаттиқ илтимос қилган. Шундан сўнг, унинг кекса ёшдалигини ва оилавий аҳволини инобатга олиб, жорий йилнинг кузигача фақат интенсив токзор ташкил қилиш шарти билан ер майдонини ўзида қолдирган. Туман ҳокими унинг уйидан кетгач, Д.Давиров шу заҳотиёқ кўчага чиқиб ўз ҳамқишлоқларига: “Бир маротаба “Озодлик”ка ёзганимга туман ҳокими қўрққанидан уйимга келиб, еримни ўзимда қолдириб кетди” деб фитна ва иғво гаплар билан мақтанган. Бундайлар арзимаган шахсий манфаат деб, ноҳақ бўлсада ўз юртини сотишга ҳам тайёр кимсалардир. Ватан хоинлари шундай худбинлардан пайдо бўлади. Халқимизнинг “Уйдаги гап кўчага чиқмасин” деган ҳикматида катта маъно бор. Қозоқ адиби О.Қўнонбоев бундай кимсалар ҳақида шундай ёзган: ”Ўз жиғилдони учун ишлаган одам қорнини тўйғазиб олган молга ўхшайди. Ҳақиқий одам инсоният учун ишлайди”. Билиб қўйинг туман ҳокими қўрққанидан эмас, инсонийлик юзасидан одамлар уйига боради, уларнинг маммоларини ўрганиб ёрдам беради.
  Ҳозирги кунда Х.Умарова ерни интенсив токзор ташкил қилиш шарти билан қайтариб олган бўлсада, у ердан бошқа мақсадларда фойланиб келмоқда. Эълон қилинган постда “хусусий мулким тортиб олинди” дейилган, лекин ушбу ер майдонида фақатгина самарасиз токзор ва бегона ўтлардан ташқари ҳеч қандай хусусий мол-мулкни ўзи йўқ ва умуман бўлмаган. Бу ҳолатни интернет тармоғининг онлайн режимидаги “Google-MAPS” дастури орқали текшириб кўриш мумкин.
Қолаверса, қонунчиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини қабул қилган қарорлари фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларига дахл қилса, улар суд органлари орқали ўзларини бузилган ҳуқуқларини тиклашликлари белгиланган. Х.Умарова ўзининг токзорини самарасиз деб топилганлиги юзасидан чиқарилган туман ҳокимининг қарорини бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судларга ариза киритмасдан, ўзининг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларидан фойдаланмасдан, судда ютишига ҳеч қанақа асос йўқлигини билиб, иғво ва фитна йўлини тутган. Ижтимоий тармоқларга ёлғон маълумотлар жойлаштириб босим ўтказмоқчи бўлган. Агарда унинг ҳуқуқлари ҳақиқатдан бузилганда эди, Х.Умарова ва унинг турмуш ўртоғи суд тартибида ҳуқуқларини тикланишлигини жуда яхши билади.
  Х.Умаровами ёки бошқа боғ ва токзорларни эгаларими, агар улар замонавий усулдаги интенсив боғ ва токзор қилишни хохласалар, уларга ўз имкониятларидан келиб чиқиб, хохлаганча ер майдони берилади.
  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодизия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 31 майдаги ПФ-5065-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманда кейинги уч йил давомида, давлат мулки ҳисобланмиш - ҳар бир қаричи олтинга тенг бўлган ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига қарши тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Яқинда аниқланган Ёви маҳалласи Шўр қишлоғидаги ерлар ҳам бундан мустасно эмас. Хусусан, ушбу қишлоқдаги 16 нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний тартибда уй-жой қурганлиги аниқланган. Ушбу ноқонуний уй-жойларнинг иккитаси Х.Умарованинг ўғиллари Аслиддин ва Салоҳиддин Давировларга тегишли эканлиги маълум бўлган. Ҳозирги кунда мазкур ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларини қайтариш юзасидан ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, судга юборилмоқда.
 Айнан шу ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнида Х.Умаровани эсига самарасиз токзорини олиниши тўғрисидаги эски гаплар тушиб қолиб, “Ётиб қолгунча, отиб қол” қабилида иш тутиб, ижтимоий тармоқларга ёлғон ва асоссиз пост эълон қилган.
 Фуқаро Х.Умарова ва унинг турмуш ўртоғи Д.Давировлар йиллар давомида ҳалол меҳнат билан даромад топиш ўрнига, ўз манфаати йўлида “ёзувчилик”ни касб қилиб, айрим раҳбарларга тазйиқ ўтказиб ишини битказиб келган. Бу гал ҳам шундай бўлади деб ўйлаган бу кимсалар ниятига етолмади.
  Бу кимсалар ҳақида уларнинг маҳалладошлари яхши фикр билдиришмади: ”Ҳа, улар бир ёзувчи-да. Сал нарсага ижтимоий тармоққа чиқиб, миш-миш, ёлғон-яшиқ хабарлар тарқатишга уста бўлиб кетишган. Шунақа шўрапурушлик билан ишини битказиб, кўпларни безор қилиб юрган кимсалар-да” - дейишди. Ҳа, бунақанги миш-мишчиларни гапига кўпам ишонаверманг, ҳақиқат барибир қарор топади. Халқ шоири Абдулла Орипов ёзганидек:
 Унинг миш-мишидан ранжиманг асло,
 Нима бўлса асли наслида бўлган.
 Она қорниданоқ ўзи ҳам ҳатто,
 Асли миш-миш билан дунёга келган.

Каттақўрғон туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM