КАТТАҚЎРҒОН ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДА

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Каттақўрғон тумани республикадаги кўҳна туманлардан бири.Туманда 69 та маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлиб, улардаги 61,7 мингта оилада 273,3 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Бундан уч-тўрт йил олдин туманда энг катта муаммо – ишсизлик эди. Шу боис тумандан мавсумий 30-35 минг одам хорижга чиқиб ишлашга мажбур бўларди. Бу меҳнат ресурсларининг тенг ярми, дегани.

   Туманнинг қишлоқ хўжалиги салоҳияти катта бўлсада, лекин иқтисодиётнинг асосий тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигига бирорта янгилик, инвестиция, бирор-бир илмий ғоя, яхши фикр киритилмаган. Оқибатда ҳосилдорлик пахтадан 24 центнерга тушиб қолган. Давлатга ғалла сотиш шартномавий режаси зўрға бажарилиб, фермерларнинг ўзига ва аҳолига бир килограмм ҳам дон қолмаган. Саноатда эса туманнинг улуши вилоятда атиги 2 фоизни ташкил қилган, холос. Битта ҳам чет эл инвестицияси иштирокидаги қўшма корхона ёки хорижий корхона фаолият юритмаган.
Туман аҳолиси орасидаям тадбиркорлар бор, сармоядорлар бор, лекин улар   йўллар талабга жавоб бермаганлиги, электр таъминоти яхши эмаслиги боис туманга ўзини ҳиссасини қўшмаган. Саноат корхонаси учун табиий газ етказиб беришнинг умуман иложи йўқ бўлган ва ҳеч ким бу билан шуғулланмаган. Интернет ҳамма жойда тезлиги паст бўлса, Каттақўрғонда йўқ ҳисоби бўлган.
    Алоқа йўқ, йўл йўқ, электр токи йўқ, газ йўқ, меҳмонхонаси йўқ, бир сўз билан айтганда, инвестицион муҳит, шароит йўқ. Шунинг учун туманнинг ишбилармонлари Каттақўрғон шаҳрига, Самарқанд, Тошкентга бориб тадбиркорлик билан шуғулланган.
 Туманга А.Бахрамов ҳоким бўлиб келгач, тадбиркорликка катта   аҳамият қаратди. Ҳар бир тадбиркорнинг муаммо-масаласини у кутганидан ҳам яхшироқ ҳал қилиб берди. Натижада тадбиркорлик билан  шуғулланишни хохловчилар сафи кескин ошди. Ҳатто, бошқа ҳудуд тадбиркорлари ҳам туманимизга кела бошлади. Мисол учун, 21та ғишт заводи ташаббускорларининг аксарияти соҳада тажриба эга бўлган бошқа туман, бошқа вилоят фуқаролари. Улар Каттақўрғонда ҳеч қандай тўсиқларсиз ер берилаётгани, уч кунда фаолият бошлашлари учун туман ҳокимининг қарори чиқарилаётганини, электр, табиий газ тармоқларига уланишда амалий ёрдам берилаётганини кўриб, бири иккинчисини бошлаб келган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, ободонлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларда оқилона сиёсат олиб борилганлиги боис, бу  соҳаларда ҳам натижалар  яхшиланиб бормоқда.
Юртимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида карантин эълон қилинганига икки ой бўлди. Айни дамда эпидемиологик ҳолат нуқтаи назардан Каттақўрғон тумани “яшил” ҳудуд ҳисобланади. Яъни, карантин чекловлари анча юмшатилган, кўплаб фаолият ва хизматларга рухсат берилган. Пандемия таъсирида март-апрель ойларида фаолиятини тўхтатган ва иш ҳажмини камайтирган 168 та корхонадан (ишчилар – 715 нафар) 102 тасининг фаолияти тикланди (ишчилар – 619 нафар). Шунингдек, фаолиятини тўхтатган 497 та якка тартибдаги тадбиркорлардан 270 тасини (54,3 %) фаолияти тикланди. Шу боис ҳам туманда ҳаёт бир маромда, аввало карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда давом этмоқда.

 

АҲОЛИ   БАНДЛИГИНИ  ТАЪМИНЛАНМОҚДА

  Туманда ишсизликни ҳал қилиш учун саноат, хизмат кўрсатиш ва шунга ўхшаш соҳаларни ривожлантириш лозим. Бунинг учун сармоя керак, инвестицион муҳит яратилиши зарур. Шунинг учун ўтган йилларда туман бўйича 112 километр йўл таъмирдан чиқарилди. Шундан 56 километр йўлга янгидан асфальт қопламаси ётқизилди. Бу йил ҳам бу жараён давом этяпти. Саноат учун алоҳида подстанция ўрнатиш масаласи ечимини топди. Саноат корхоналари учун алоҳида газ қувури, оптик толали алоқа линиялари тортилмоқда. Туманда иқтисодий фаолликни тўлик тиклаш ва аҳолини бандлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги устувор вазифалар амалга оширилмоқда: Ҳудудий дастур бўйича 2020 йилда умумий қиймати 183,0 млрд.сўм бўлган 62 та лойиҳа амалга оширилиши ва бунинг эвазига 807 та иш ўрни яратилиши белгиланган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида қиймати    10,6 млрд. сўмлик 8 та лойиҳа (59 та иш ўрни) амалга оширилди.
 Туманда 8 та (“Каттақўрғон клубника”, “Қўшҳовуз экспорт”, “Муҳаммаджон кишмиш, узум боғлари” ва бошқалар)  кооперативлари ташкил этилиб, кам таъминланган ҳамда ишсиз фуқароларга 30-50 сотихдан ер майдони қулупнай, ток ва бошқа сердаромад экинлар экилиб, электр энергияси тортилиб, артизан қудуқлардан сув чиқарилиб узоқ муддатли ижрага берилди. Шунингдек 250 та ишсиз ва камбағал оилаларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида 200 та мотокультиватор ва 50 та юк мотороллерлари кредит асосида тарқатилиши режалаштирилди, шундан 16 та юк мотороллерлари ва 200 та мотокултиваторлар эгаларига топширилди.
 Туманда 2 та (“HENGYUAN CEMENT” МЧЖ ҚК, “BIOLAKT SHAMS INVEST” МЧЖ ҚК) корхона томонидан 2020 йил давомида 15,0 млн АҚШ доллар (630 та иш ўрни) ўзлаштирилиши режалаштирилган.  Бундан ташқари туманга янги хорижий капиталга эга лойиҳалар жалб қилиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. “Кумуш тола” корхонасига 1,5 млн. АҚШ доллар миқдорида Жанубий Корея ва Хитой давлатидан ипакли мато ишлаб чиқариш дастгоҳлари келтирилди ва ўрнатилмоқда. Бу лойиҳани амалга ошириш натижасида бугунги кунда ишлаётган 100 нафар ишчилар 150 нафарга етказилади. 
 Туманда лимон етиштириш бўйича 10 гектар лимончилик кластри ҳамда 1650 та  аҳоли хонадонларида ихчам иссиқхоналар ташкил этилган бўлиб, бунда 1750 нафар аҳоли бандлиги таъминланмоқда.
      Хулоса қилиб айтганда, юқорида келтириб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида 12280 та иш ўринлари ва доимий даромад манбаи яратилади ҳамда пандемия даврида ишсиз қолган фуқароларни доимий даромадга эга қилиб, 142 та ногиронлиги бор оилалар тўлиқ оталиққа олинади ҳамда темир дафтардаги ишсизлар ноябрь ойига қадар доимий даромад манбаи билан таъминланади.

 

ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

  Бугунги коронавирус пандимеяси туфайли жорий этилган карантин вақтида сектор раҳбарлари томонидан аҳолининг қуйи қатламларигача кириб, хонадонма-хонадон юрилиб,  ички муҳит, шароитлари, уларнинг моддий, мулкий аҳволи, имкониятлари, хоҳиш-истаклари ҳам бир вақтни ўзида ўрганилди ва қийналиб қолган оилалар рўйхати шакллантирилди. Шу асосида уларга ёрдам бериш чораси кўрилди. 3556 та эҳтиёжманд оилага 724 та тадбиркорлик субъекти ва ҳомийлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зарур ёрдам берилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Саҳоват ва кўмак” фондига ҳозиргача 1,1 миллиард сўм маблағ тушди ва бу маблағ ҳам карантин пайтида қийналиб қолган оилаларни ижтимоий ҳимоялашга йўналтирилмоқда.
  Қайд этилган 3556 эҳтиёжманд оилада яшовчи 5097 нафар фуқаронинг 2781 нафарини томорқа, кооператив ҳамда бошқа ишларга банд қилиш, 1802 нафарини тадбиркорликка ўргатиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
   Бундан ташқари, ҳозирда ҳеч бир даромадсиз қолган 2857 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 60 кишига шахсий томорқасидан самарали фойдаланиши учун субсидия ажратилиб, доимий даромад манбаига эга бўлди.
   2020 йил якунига қадар ва 2021 йил пишиқчилик вақтигача аҳолимизнинг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ҳамда туманда бундай маҳсулотларни етиштириш имконияти ўрганиб чиқилиб, агар иш оқилона ташкил этилса, олдинга қўйилган вазифалар бекаму кўст бажарилса, нафақат туманимиз аҳолиси эҳтиёжини қондириш, балки эҳтиёждан ортган қисмини четга сотиш орқали ҳам даромад олиш имконияти мавжуд.
  Ҳомийлик кўрсатган 3 та тадбиркорнинг 66,8 млн.сўмлик солиқ тўловларини тўлаш муддатлари узайтирилди ҳамда 26 та тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тиклашга тижорат банклари томонидан айланма маблағларини тўлдириш учун 1,5 млрд.сўм кредитлар тақдим этилди.
  Камбағал оилаларни камбағаликдан чиқариш ҳамда карантин даврида ишсиз қолган фуқароларни иш ўринлари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 3264 нафар фуқаро бугунги кунга қадар доимий даромад манбаига эга бўлди. Жумладан, 2857 нафар фуқаро жамоат ишларига, 265 нафар фуқаро дала томорқага (кооперативларга), 82 нафар фуқаро вакант жойларга жалб қилинди, 60 нафар фуқаро шахсий томорқасига субсидия ажратилиши ҳисобига доимий даромад манбаига эга бўлди.
  Камбағал оилаларни  камбағалликдан чиқариш, ишсиз фуқароларни иш билан таъмилаш борасида туманда дастур асосида мунтазам ишлар олиб борилмоқда.

ҚУЛУПНАЙ ЕТИШТИРИШ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИЛАДИ

  Туманда қулупнай етиштиришда катта тажрибага эга бўлган  фермерлар, деҳқонлар ва томорқачилар тўплаган тажрибаларни   ва  маҳсулот бозорини ўргандик. Бугунги кунда хонадонларда ва фермер хўжаликлари ерларида пишиб етилган қулупнай нафақат вилоятимиз бозорларига, балки Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси бозорларигача етиб бормоқда ҳамда аҳолининг томорқадан оладиган даромади ҳам шунга яраша бўлмоқда. 
  Шуларни инобатга олган ҳолда қулупнай етиштиришни янада ривожлантириш ва соҳага илм-фанни киритиш мақсадида 2018 йил охирида Шарқ саноат концерни билан ҳамкорликда туманга Инвитро лабороториясида кўпайтирилган кулупнайнинг “Зинга-зинга” навидан 820 мингта келтириб экилди. 2019 йил кузида 5 млн. дона олинган қулупнай кўчати тумандаги фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига тарқатилди. Қулупнай етиштиришни кенгайтириш мақсадида Каттақўрғон қулупнайчилар уюшмаси ташкил қилинди. 2020 йилда 2021 йил ҳосили учун фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаси ҳисобидан 1000 гектар майдонга қулупнай экиш режалаштирилган, шундан 500 гектари мутлақо янги қўл меҳнати жуда кам талаб қиладиган томчилатиб суғориш технологияларида экилади. Қулупнай етиштириш учун ажратилган ерларда асосан камбағал оилалар ва ишсиз ёшлар, шу жумладан хотин-қизлар ишга қабул қилинмоқда. Тумандаги бўш турган собиқ Консерва заводи биноси негизида музлатгичли омборхона қурилади ва саралаш, қадоқлаш логистика маркази ташкил этилади.  Етиштириладиган жами ҳосил 30 минг тоннани ташкил этиб, шунинг камида 10 минг тоннаси (10 млн. АҚШ доллари) экспортга йўналтирилиши режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида 5 мингдан ортиқ ишсизлар доимий даромад манбаига эга бўлади. 

 

ЛИМОНЧИЛИК СЕРДАРОМАД СОҲА

  Туманда лимон етиштириш бўйича 10 гектар лимончилик кластри ҳамда 1650 та  аҳоли хонадонларида ихчам иссиқхоналар ташкил этилган бўлиб, бунда 1750 нафар аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Лимончиликни ривожлантириш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш мақсадида Республика “Турон банк” бошқаруви раиси Ч.Мирзаев апрель ойида тумандаги тадбиркорлар ва аҳоли билан учрашув ўтказди. Учрашувда яна 600 та хонадонларга 3 сотихли ҳамда 50 нафар тадбиркорларнинг ҳар бирига 1 гектардан 50 гектар лимонарий ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Натижада қўшимча яна 850 нафар аҳоли бандлиги таъминланади. 
   Лимончилик кластри қошида лимон сотиб олиш, саралаш ва қадоқлаш ҳамда ностандарт меваларни қайта ишлаш (лимон мураббоси тайёрлаш) логистика маркази ташкил этилмоқда. 
  Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Мисол учун, Россия Федерациясининг кредит линияси орқали лимон маркази лойиҳаси бошланди. Бунда 12 гектар лимон етиштирадиган ва 2 гектар лимон кўчатлари етиштирадиган иссиқхоналар қурилади. Шу ерда, қолаверса аҳоли иссиқхоналарида етиштирилган лимонни саралайдиган, калибровка қиладиган, сақлайдиган 5 минг тонна музхонага эга логистика маркази барпо этилади. Лимондан мураббо чиқарадиган завод қурилади.
Туманда 60 мингга яқин оиланинг шахсий томорқа ери бор. Ким 1 сотихдан кам бўлмаган жойни чуқур ковлаб, иссиқхона учун тайёрласа, лимон маркази ҳисобидан 3 йиллик кўчат, плёнка, лимонни парваришлаш учун етарли ўғит ва дори билан таъминланади.

 

ЧОРВАЧИЛИКДА 4 ТА ЯНГИ ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

  Туманда охирги 3 йил ичида узоқ ва яқин хориж давлатларидан келтирилган 3 минг бошдан зиёд наслли қорамоллар асосан янгича немис лойиҳаси асосида қурилган чорва фермаларида парваришланмоқда. Олиб келинган урғочи наслли молларни сунъий уруғлантириш натижасида  иккинчи марта бузоқлар олинмоқда.
 Аҳоли ва фермер хўжаликларининг қарамоғидаги урғочи молларнинг наслини яхшилаш мақсадида туманда жами 36 та сунъий уруғлантириш шаҳобчалари ташкил этилиб, 40 нафар мутахассислар иш билан таъминланди. 
   2020 йилда чорвачилик йўналиши бўйича 4 та янги лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, 2 та бўрдоқичилик комплекслари “Шоди Карим чорваси”, “Озодбек наслли чорваси” фермер хўжаликлари ва 2 та сутчилик комплекслари ташкил этиш “Тожинор момо”, “Омонбой ҳосили” фермер хўжаликлари томонидан амалга оширилади.
     Агросаноат йўналишидаги беларуслик тадбиркорлар билан ҳам яна бир йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу лойиҳага кўра, 1250 бош соғин сигир сақланадиган замонавий ферма, қорамолларни сунъий уруғлантириш маркази, ветеринария маркази ва комбикорма ишлаб чиқариш заводи ташкил қилинади. Лойиҳа доирасида икки йилда аҳолининг қорамоллари наслини яхшилаш чоралари ҳам кўзда тутилган.
  Шунингдек, кунига 120 тонна сутни қайта ишлайдиган корхона, сиғими 2500 тонна бўлган музлатгич ҳамда логистика маркази қурилиб, минглаб янги иш ўрни яратилади.

 

КАТТАҚЎРҒОН  НАМУНАЛИ БАЛИҚЧИЛИК ТУМАНИГА АЙЛАНАДИ

   Муҳтарам Президентимиз томонидан ўтказилган селектор йиғилишида берилган топшириқларига кўра, Каттакўрғон тумани намунали балиқчилик тумани қилиб белгиланди. Ҳозир туманда 10 та интенсив балиқчилик лойиҳаси ташкил қилиш бўйича “Ипотека” банк билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 66 та янги иш ўринлари яратилади. 
 Туманда фаолият юритаётган балиқчилик фермер хўжаликларини узлуксиз омухта ем билан таъминлаш мақсадида 3 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 21,3 млрд.сўм. Шундан, тадбиркорнинг ўз маблағлари 16,1 млрд.сўм ҳамда банк кредитлари 5,2 млрд.сўмни ташкил этади ва 59 та янги иш ўринлари яратилади. Мисол учун, “Каттақўрғон жайхуни” фермер хўжалиги томонидан жорий йилнинг бугунги кунига қадар 70 тонна балиқ чавоқлари туман ва бошқа вилоятлардаги балиқчилик фермер хўжаликларга етказиб берилди.  
   Жорий йил ҳозирги кун ҳолатига туманда балиқчилик фермер хўжаликлари сони 84 тага етиб ажратилган ер майдони 532,9 гектар ерни ташкил қилмоқда. Фермер хўжаликлари томонидан 426,9 гектар ер майдонида балиқ ҳавзалари яратилган бўлиб, балиқ ҳавзаларида 1645 минг дона чавоқ балиқлантирилди.
    Йил якуни билан балиқ маҳсулоти ишлаб чиқаришни 5720 тоннага етказиш режалаштирилмоқда.

ПАХТА ВА ҒАЛЛАДАН МЎЛ ҲОСИЛ ОЛИНАДИ

   Каттақўрғон республикадаги қишлоқ хўжалиги салоҳияти катта туманлардан бири саналсада, лекин яқин 3-4 йилгача иқтисодиётнинг асосий тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигига етарли эътибор қаратилмаган. Натижада, пахта ва ғалладан олинадиган ҳосилдорлик паст даражада бўлган. Табиийки, олинадиган даромад ҳам шунга яраша кам бўлган. Бу эса фермерлар қўлини  совитиб, ишга иштиёқини  пасайтирган.
    Шу боис пахта ва ғаллачиликда замонавий инновация ва технологиялардан фойдаланишга катта эътибор қаратилди. Хориждан замонавий пневма сеялка ва техникалар келтирилиб, ғалла ва пахта ана шу усулда экилди. Жумладан, бу йилги мавсумда 9 минг гектар ердаги ғалланинг 6 минг гектар очиқ майдони пневма сеялка ёрдамида экилгани уруғликни иқтисод қилиш ва ғалла туп сонини ошириш имконини берди. Шунинг ҳисобидан бу йил туманимизда ғалла ҳосилдорлиги ўртача 75-80 центнер бўлади. Мутахассислар айрим ҳудудларда 90-100 центнергача ҳосил олиш мумкинлигини айтишмоқда.
   Иккита кластер томонидан қарийб 11 минг гектар пахта майдонида ҳам бу йил хориждан келтирилган 115 та пневма сеялкалар ёрдамида янгича усулда чигит экилди. Бунда ҳам аввало уруғликнинг ортиқча сарфи олди олинди. Чигитни ягоналашга ҳожат қолмади, бир вақтнинг ўзида озиқлантириш ва бегона ўтларга қарши дорилаш имконияти пайдо бўлди.
Туманда пахта  ҳосилдорлигини ҳам 35-45 центнерга етказиш режалаштирилган.

ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИ ОШМОҚДА

    Туманимизда 2020 йилда 24,5 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Жорий йилнинг январ-май ойлари учун экспорт режаси 9,6 млн. доллар (саноат учун 844,0 минг доллар, қишлоқ хўжалиги учун 8,8 млн. доллар) миқдорида белгиланган.
Белгиланган режа жами 1,8 млн.долларга, шу жумладан саноат учун 0,3 млн.доллар, қишлоқ хўжалиги учун 1,3 млн.долларга   бажарилган.
  Ҳозирда 2 та экспортёр корхоналар томонида тижорат таклифлари тайёрланиб, маҳсулотларига харидор топиш мақсадида Республика инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим қилинди. Жумладан, “КУМУШ ТОЛА” хусусий корхонасида жами 350 минг АҚШ доллари миқдоридаги “Ипак толаси ва момиқ ипак” хом ашёси мавжуд. Жорий йил пилла ҳосилини қайта ишлаш ҳисобига 2,5 млн. АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорти амалга оширилади. Бу ўтган йилга нисбатан 563 минг АҚШ долларга кўп демакдир.
“ҚЎШҲОВУЗ” МЧЖ корхонаси томонидан эса иссиқхонада бодринг етиштирилмоқда. Кутилаётган маҳсулот 700 тоннани ташкил қилмоқда. Шу кунларда корхона томонидан ҳўл мева экспортини йўлга қўйиши кутилмоқда. Қолган экспорт кўрсаткичлари май-июнь ойларида етиштириладиган ҳўл мевалар (гилос, бодринг ва бошқалар) экспортидан амалга оширилади ва ҳозирда бу  бўйича иш олиб бориляпти.
Хулоса қилиб айтганда, туманимиздаги тўрт сектор раҳбари ҳам бугунги пандемия шароитида ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиб, аҳолини бу вазиятдан имкон қадар беталофат олиб чиқиш бўйича ўз вазифаларини белгилаб олишган.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM