ХИРМОНГА БАРАКА, АЗИЗ ПИЛЛАКОРЛАР!

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Туманимиз пиллакорлари томонидан қилинган фидойи меҳнат эвазига мўл ”кумуш тола” ҳосили етиштирилди. 25 майдан бошлаб пиллакорларимизнинг машаққатли меҳнати ўз ҳосилини бера бошлади. Айни вақтда ишга шай ҳолатга келтирилган “Кумуш тола” хусусий корхонасида пилла қабул қилиш ишлари бошлаб юборилди.

- Карантин даври қийинчиликларини мардона енгган пиллакорларимиз етиштирган мўл пилла ҳосилини топшира бошладилар, - дейди “Кумуш тола” хусусий корхонаси раҳбари Марям Ниёзова.- Топширилган сифатли пилла хом ашёсининг ҳар бир килограмми учун пиллакорларимизга 21 минг сўмдан нақд пул тарози бошида бериляпти. Фермер хўжаликларига қилинган харажатларни қоплаш мақсадида ҳар килогарам пилла учун 5 минг сўмдан пул маблағи берилади. Жами бўлиб ҳар бир килограмм пилла учун 26 минг сўм берамиз. Қувонарлиси, биринчи куниёқ 22 тонна сифатли пиллани қабул қилиб олдик. Топширилган пилланинг ҳар бир донаси 1,7-2 грамм тош босяпти. Бу жуда яхши кўрсатгич. Корхонамизда жорий йилда тайёрланиши кўзда тутилаётган 304 тоннадан ортиқ пиллани қабул қилиб олиш, уни саралаш, пишириш ва ипакка айлантириш учун барча нарса шай қилиб қўйилган. Йиғиб олинган пилладан келгусида шу ернинг ўзида гилам тўқимачилиги, кўрпа-ёстиқ ишлаб чиқариш цехларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. 

- Бу йил фермер хўжалигимиз аъзолари 19 қути ипак қурти парваришладилар, - деди “Илёсхон” фермер хўжалиги раиси Олим Очилов, -Бугун 15 та оилавий звено аъзолари 1 тонна 60 килограмм пилла топширдилар. Қолган звенолар ҳам мўл пилла топширади ва биз режани 150 фоизга ошириб бажарамиз.

Туманимизда пилла топшириш қизғин бормоқда. Хирмонингизга барака,азиз пиллакорлар!
 

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM