Педагогик технология ва интерфаол услублар – давр талаби

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Мактабларда таълим-тарбия ишлари самарадорлигини янада кучайтириш учун  ҳар бир фан ўқитувчиси ўз устида доимий ишлаши, тажриба орттириши, машғулотларда таълимнинг интерфаол услубларидан кенг фойдаланишига жиддий эътибор қаратиши лозим. Чунки, бугунги кунда  ўқитувчининг аввалгидек  синфга кириб уйга вазифани сўраб, янги мавзуни ўтиб ва яна уйга вазифа бериб чиқиб кетиши билан ўқувчини фанни ўзлаштиришига эришиш қийин. Сабаби, ҳар кунги дарсда  бир хил жараён мунтазам такрорланаверса, ўқувчиларнинг дарсга қизиқиши пасаяди.  Ўқувчи  диққатини ушлаб туриш, фанга қизиқишини орттириш учун ўқитувчи ўқувчини бездирмайдиган таълимнинг интерфаол услубларидан кенг фойдаланишга жиддий эътибор қаратиши лозим.  Чунки, анъанавий, яъни доска ёнидаги ўқитишдан фарқли ўлароқ интерфаол ўқитиш бир қанча методологик устунликка эга.

   Мен 7-“Б”синф ўқувчиларига “Таълимда сўнгги илғор технологиялардан фойдаланиш” мавзусида ўтган очиқ дарсимда таълимнинг интерфаол услубларидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилдим. Жумладан, дарсда “Старт”, “Креатив рағбат” ва “Креатив фикрлаш” методларидан фойдаландим ва ўйлайманки бу ўқувчиларни мавзуни осон ўзлаштиришига олиб келди.

  Ҳар бир ўқитувчи дарсни бошлашдан олдин “Старт”методини қўлласа яхши натижа беради. Масалан, одатий китоб ўқишга киришганимизда китобнинг дастлабки саҳифаларини деярли англамасдан ўқиймиз. Бироз диққат жам бўлгач эса китоб мазмунини англай бошлаймиз. Бунинг сабаби фикрлаш тарзимизни бир маромда ҳаракатланмаётганлигида. Дарс бошланишида ҳам ўқувчиларнинг қабул қилиши суст бўлади. Ушбу вазиятда ўқувчиларга “Старт” методи орқали дарсга диққатини оширишга ва маълумотларни қабул қилиши учун куч беришимиз мумкин. Бунинг учун биринчидан, ўқувчида ижодий энергия ҳосил қиласиз Иккинчидан,биргаликда бажариш орқали бутун синф уйғунлигига эришасиз. Учинчдан, ўқитувчи учун ҳам фойдали ва стрестдан халос қилувчи машқ. Ттўртинчидан, 2 дақиқалик “Старт” методи қолган 43 дақиқалик дарснинг сифатини белгилаб бериши мумкин.

   Бу методни қўллаш жуда оддий ва сизга олдиндан тайёргарлик ёки бирор восита керак бўлмайди. Бунинг учун шунчаки “Старт” методини билиб олсангиз бўлди. Бу метод қуйидагича, яъни синфга кирганингиздан кейин ўқувчиларни турғизиб, парта орасида бир сафда турғизасиз. Сиз болаларга “Дарсимизни бошлашдан олдин биргаликда танамизни ва ақлимизни тетиклаштириб оламиз. Ҳозир ҳаммамиз нафас олиш машқини амалга оширамиз” дейсиз. Нафас олиш ва чиқариш давомийлиги 10 секунддан иборат бўлиши керак. Яъни, ичимизга  ўнгача санаб  нафас оласиз ва ўнгача санаб нафас чиқарасиз. Бу машқни 3-4 марта амалга оширасиз. Бунга бор йўғи 2 дақиқа келади. Бу усул дарс давомида тетик ҳолда ўтириш,дарсни янада юқори энергияда ўтишга катта таъсир қилади. Бу методни фойдаси нима? Инсоннинг ақлий фаолиятин яхши ишлаши аввало бош мияга кислороднинг яхши етиб боришига боғлиқ. Агар инсон танасида кислород камайса тушкунлик, зерикиш, уйқу келиши ва ялқовлик ҳисси бўла бошлайди. Бу усулни дарс бошида қўллаш  натижасида сиз 45 минут дарсингиз учун кислород заҳирасига эга бўласиз. Натижада барча ўқувчилар дарсингизга юқори диққатда қатнашишади. Бу усул орқали ўқувчиларнинг фикрлаш тарзи тезкор ва диққати кучли шакллана боради.

   Дарсда “Креатив рағбат” методини қўллаш орқали эса ўқувчиларни дарсга қизиқтира оласиз. Янги мавзу ўқувчиларга қийин кўринади, шу боис ўқувчи уни ноаниқлик ва оғирлик тарзида қабул қилади.Тадқиқотчиларнинг  сўзларига кўра инсон мияси янги топшириқни бажариши учун унинг ортидан

бирор мукофот кутади. Агар янги топшириқ мукофотсиз экани кўриниб турса мия уни стрест тарзда қабул қилади. Бу вазиятда “Креатив рағбат” методидан фойдаланишингиз яхши натижа беради. Ўқувчиларга янги мавзуни тушунтиришдан олдин биринчи бўлиб, бу мавзу орқали нима олишларини айтиш керак. Бу методни қўллаш учун сизга, масалан  иккита ликопчада ўқувчи сонига қараб бўлакланган лимон ва олма керак бўлади.Формула икки хил кўринишга эга бўлиб, биринчи нотўғри ва иккинчи тўғри жавоб учун мукофот. Дарс бошлашдан олдин ўқувчиларни огоҳлантирасиз: “Ким нотўғри жавоб берса лимон бўлакларидан бирини, тўғри жавоб берса олма бўлакларидан бирини ейди”. Бу орқали сиз ўқувчилар диққат частотасини мураккаб мавзуга эмас, балки қизиқарли тарафга қаратган бўласиз. Дарс давомида ўқувчилар фаол ва ихтиёрий хушчақчақ ҳолатда бўлишади. Бу эса сиз кутган натижани беради. Бу методни қўллаш орқали сиз биринчидан, ўқувчида тезкор фикрлашни ва ҳозиржавобликни шакллантирасиз. Иккинчидан,ўқувчи миясда фанга оид ижобий тасаввурни ҳосил қиласиз  ва очиқ дарсларингизни янги даражага олиб чиқасиз.

   “Креатив фикрлаш” методи тўғрисида тўхталадиган бўлсам, креатив фикрлаш  шунчаки тасодифий фикрлашдан фарқ қилади. Чунки, креатив фикрлаш  билим ва тажрибага асосланган бўлиб, инсоннинг кескин ва мураккаб вазиятларда кутилган натижаларга эришишга шароит яратади. Бир сўз билан айтганда, креатив фикрлаш қимматли ва асл ғояларни яратишга олиб келадиган фикрлаш йўналишидир. Креатив фикрлашнинг афвзал томонлари кўп бўлиб, улардан бири ўқувчига ёдлатиш усули билан эмас, изланиш ва кашфиётчилик қобилиятларини қўллаб-қувватлаш орқали асосий билимни эгаллашга эришишдир.  Мактабда таълим олиш жараёнида креатив фикрлаш кўникмасини шакллантириш ўқувчиларнинг ўзлаштиришидан келиб чиққан ҳолда, бериладиган топшириқлар мактабда ўқитиладиган фанлар билан узвий боғланган бўлиши лозим.  Ўқувчиларнинг фикрлаш жараёнларини баҳолаб бориш, уларнинг самарали ва маҳсулдор ғоялар топишига ёрдам беради. Шунингдек, такрорлаш ва баҳолаш жараёнлари креатив фикрлашнинг асоси бўла олади. Креатив усулда ўтилган дарс ўқувчини эслаб қолиши, тезкорлиги, ҳозиржавоблигини таъминлаб беради.              Фурсатдан фойдаланиб барча хотин-қизларни “Халқаро хотин-қизлар байрами – 8 Март” билан қизғин муборакбод этаман.

Сурайё ЭРГАШЕВА,

тумандаги 31-умумтаълим мактаби рус тили фани ўқитувчиси.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM